Иситиш мавсумида Оролбўйидаги 68 мингдан зиёд оила имтиёздан фойдаланади
Мамлакатимизда ёқилғи-энергетика ресурслари нархларининг шаклланишида босқичма-босқич бозор тамойилларига ўтиш даврида аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 28 октябрдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор тамойилларига ўтиш жараёнида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Қиш мавсуми яқинлашиши билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, иситиш мавсумида хонадонларнинг коммунал ва энергия харажатлари ортади. Айнан шуни ҳисобга олган ҳолда, давлат томонидан ёрдамга муҳтож оилалар қўшимча моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланади. Аниқроғи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида қайд этилган фармони асосида 2026-2027 йилги иситиш мавсумида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 1 миллион сўмдан маблағ ажратилиши белгиланган.
Ушбу ёрдамнинг асосий мақсади, қиш мавсумида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитларини енгиллаштириш ва энергия ресурсларидан фойдаланиш билан боғлиқ қўшимча молиявий юкламани камайтиришдан иборат.
Фармонга мувофиқ, оиладаги ҳар бир аъзога тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг икки баробаридан ошмайдиган оилаларга молиявий ёрдам кўрсатилади. Бунда марказлаштирилган иситиш тизимига уланган кўп қаватли уйларда яшовчи оилалар ҳам имтиёздан фойдаланиши мумкин. Қорақалпоғистон Республикасида мазкур мезон бўйича оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромад минимал истеъмол харажатларининг икки баробаридан ошмаслиги лозим.
Имтиёзларни тақдим этишда, биринчи навбатда, боқувчисини йўқотган, таркибида I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар мавжуд, ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган, ўзгалар парваришига муҳтож шахслар яшайдиган оилаларга устуворлик берилади. Шунингдек, оила аъзоси меҳнат миграциясида бўлган, узоқ муддатли даволанишни талаб этадиган касалликка чалинган шахслар истиқомат қиладиган, уч ва ундан ортиқ оила бир хонадонда яшайдиган, газ таъминоти мавжуд бўлмаган ҳамда марказлаштирилган иситиш тизимига уланмаган кўп қаватли уйлардаги оилалар ҳам инобатга олинади.
Фармон асосида 2026-2027 йилги иситиш мавсумида Қорақалпоғистон Республикасида ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож 68 мингдан зиёд оилага молиявий ёрдам кўрсатиш белгиланган.
Жумладан, Ижтимоий реестрга 1 октябрь ҳолатига киритилган 42 минг 76 та, шу санадан кейин реестрга қўшилган 2 минг 404 та оила, ёрдамга муҳтож ёлғиз яшовчи нуронийлар ва ногиронлиги бўлган 1 минг 560 нафар фуқаро, етим ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшайдиган 350 дан ортиқ оила, шунингдек, маҳаллалар томонидан қўшимча рўйхатга киритилган 20 минг оила мазкур ёрдам билан қамраб олинади.
Бундан ташқари, марказлаштирилган иситиш тизимига уланган кўп қаватли уйларда яшовчи 500 та оилага ҳам қиш мавсумида иситиш харажатларини қоплаш учун бир марталик 1 миллион сўмдан маблағ ажратилади.
[gallery-32670]
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА