Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан мустақил экофаолларнинг “upcycling” ва масъулиятли истеъмол концепцияси ғояларини акс эттирувчи креатив ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида тадбир ташкил этилди.
Пресс-брифингда Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси, креатив экофаоллар, иқлим ўзгариши масалалари бўйича биринчи ва йирик халқаро таълим платформаси – “Climatescience” раиси Майкл Бекланд иштирок этди.
Тадбир давомида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан “Иқлим масалалари бўйича кун тартибига ёшларни жалб қилиш дастури” тақдим этилди.
– Экологик таълим-тарбия табиат ва жамият ўртасидаги узвийликни таъминлаш ҳамда табиий барқарорликни сақлашда муҳим аҳамиятга эга, –дейди экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов. – Барча Стратегия ва дастурларни ишлаб чиқиш ва уни татбиқ этиш жараёнларига ёшларни жалб этиш масалалари фаолиятимизда асосий ўринни эгаллайди. Чунки ёшлар ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб, уларнинг ғайрати, фаоллиги ва ижодкорлиги барқарор ва яшил келажакни шакллантиришнинг муҳим калитидир.
Пресс-брифингда Ёшлар билан ишлаш стратегиясида кўзда тутилган лойиҳалар доирасида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ушбу Стратегия “Экология бўйича Ёшлар элчилари” дастури каби лойиҳаларни ўз ичига олиб, улар доирасида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан “open call” усули бўйича фаол ёш етакчилар танлаб олинган.
Ушбу етакчилар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар кенгаши кўмагида экологик муаммоларнинг ҳудудий хариталарини ишлаб чиқади.
Шунингдек, “ClimateScience.org” таълим платформасини маҳаллийлаштириш лойиҳаси доирасида айни пайтда ўзбек ва қорақалпоқ тилларида фойдаланиш имкониятини таъминлаш бўйича ишлар олиб борилаётгани қайд этилди. Платформа иқлим ўзгариши билан боғлиқ мавзулар бўйича курслар, видео контент ва бошқа қизиқарли маълумотларни қамраб олган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА