Ёшлар салоҳияти халқаро майдонда намоён бўлмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимизда ёшлар таълими, уларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда рақобатбардош кадрлар тайёрлаш устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган.
Бу борада Президент мактаблари тизими муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Андижон шаҳридаги Президент мактабида ўқувчиларга халқаро стандартлар асосида чуқур билим бериш, уларнинг таҳлилий фикрлаши ва инновацион ёндашувини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Мазкур таълим муассасаси ўқувчилари ахборот технологиялари соҳасида республика миқёсида ўтказилаётган танловларда фаол иштирок этиб, юқори натижаларга эришмоқда. Бундай танловлар ёшларнинг билим ва кўникмаларини намоён этиш, ижодий салоҳиятини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.
[gallery-28772]
Шунингдек, ўқувчилар халқаро олий таълим муассасаларига қабул қилиниб, турли грант дастурларини қўлга киритмоқда. Айрим ёшларнинг дунёнинг етакчи университетларига тўлиқ молиявий таъминот асосида қабул қилинаётгани таълим сифати юксаклигидан далолат беради.
Халқаро баҳолаш тизимларида, жумладан, SAT имтиҳонларида юқори кўрсаткичлар қайд этилаётгани ҳам ўқувчиларнинг пухта тайёргарлигини кўрсатади.
Андижон Президент мактаби ўқувчиларининг эришаётган ютуқлари таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини яққол намоён этмоқда.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА