Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг 67-68-мақсадларида жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган фуқаролар сонини ошириш ва ёшларни спортга жалб этиш, уларни қамраб олиш вазифаси белгилаб берилган.
Бу ёшларни спортга қизиқтириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштиради.
Бухоро давлат университети Жисмоний маданият факультети ҳам мазкур вазифалар ижросини таъминлаш чораларини кўрмоқда.
Юртимизда ёшлар спортини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар негизида миллат генофондини янада мустаҳкамлаш мақсади мужассам. Соғлом авлод мамлакат тараққиётида катта кучдир. Шу боис Конституциявий Қонун лойиҳасида ҳам бунга урғу берилган. Халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш мустаҳкамланмоқда.
“Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий Қонун лойиҳаси билан танишиб чиқар эканман, ушбу муҳим ҳужжатнинг 42-моддасидаги “Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, болалар ҳамда ёшларни маънавий ва ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш учун зарур шарт-шароитлар яратади”, деган жумлалар ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар қилиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини англаб етдим.
Биз ўз педагогик фаолиятимиз давомида Янгиланган Конституциямизда акс эттириладиган долзарб вазифалар ва нормалар ижросини таъминлашни асосий бурчимиз, деб биламиз. Қонун лойиҳасини тўла қўллаб-қувватлаймиз.
Мамлакатимизда таълим соҳаси чуқур ислоҳ қилинаётгани ва сифат оширилаётгани, янги Ўзбекистон бунёдкори бўлмиш ёшларимизнинг энг илғор таълим дастурлари асосида чуқур билим олиши, келгусида мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигига ҳисса қўшадиган етук мутахассислар етишиб чиқиши учун кенг имкониятлар берилаётгани эътирофга сазовордир.
Баҳодир Маъмуров,
Бухоро давлат университети декани,
Педагогика фанлари доктори, профессор.
ЎзА