Ёшлар камолоти йўлидаги муҳим маскан
Жиззах вилояти Зафаробод туманида жойлашган спорт мактаби бугун нафақат ҳудуд ёшларининг спорт билан мунтазам шуғулланиши, балки иқтидорли спортчиларни кашф этиш ва миллий терма жамоалар учун муносиб захира тайёрлашда муҳим ўрин тутади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда жисмонан соғлом авлодни тарбиялашга аҳолида эътибор қаратилмоқда. Бу борада ҳудудлардаги спорт таълими муассасаларини моддий-техник жиҳатдан мустаҳкамлаш, замонавий инфратузилма яратиш ва малакали мураббийлар билан таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Зафаробод тумани спорт мактаби Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори асосида 2010 йилда қайта ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда у ерда 20 та спорт тури бўйича машғулотлар олиб борилмоқда. Шуларнинг 11 таси олимпия, 3 таси адаптив, 3 таси миллий спорт турлари ҳисобланса, яна 3 та йўналиш алоҳида ҳукумат қарорлари асосида ташкил этилган.
Айни пайтда муассасада 36 нафар мураббий фаолият юритмоқда. Улар мингдан ортиқ ўқувчи-спортчиларга мунтазам машғулотлар олиб бормоқда. Эътиборлиси, машғулотлар замонавий жиҳозланган спорт залларида ташкил этилган бўлиб, ёш спортчилар билан индивидуал ишлаш тизими ҳам йўлга қўйилган.
— Асосий мақсадимиз иқтидорли спортчиларни аниқлаш, уларни селекция асосида спорт мактабига жалб қилиш ва юқори босқичга тайёрлашдан иборат. Волейбол, дзюдо ва миллий кураш каби устувор спорт турларида янада юқори натижаларга эришишни мақсад қилганмиз, — дейди спорт мактаби директори ўринбосари Тўлқин Абдурасулов. — Муассасада тажрибали мураббийлар фаолият юритмоқда. Бироқ спортчиларимизнинг ҳар томонлама юқори савияда камол топиши учун мавжуд бўлмаган мутахассисликлар бўйича Жиззах шаҳри ва қўшни туманлардан малакали кадрлар жалб қиляпмиз. Айни пайтда 6 нафар олий тоифали, 9 нафар биринчи тоифали ва 1 нафар иккинчи тоифали мураббий фаолият олиб бормоқда.

Муассаса тарбияланувчилари томонидан қўлга киритилаётган натижалар ҳам эътиборга молик. Хусусан, 2024–2026 йиллар давомида спортчилар республика ва халқаро мусобақаларда 150 дан ортиқ медални қўлга киритишга муваффақ бўлган.
Жумладан, бокс, волейбол, дзюдо, енгил атлетика, каратэ, миллий кураш, пенчак силат, таэквондо WT, ушу, қўл жанги ва ўзбек жанг санъати каби спорт турларида юқори натижалар қайд этилган.
Айниқса, миллий кураш бўйича спортчиларнинг ютуқлари алоҳида эътиборга лойиқ. Хусусан, ушбу мактаб тарбияланувчилари орасида Беҳруз Маҳамматов миллий кураш бўйича жаҳон чемпионатида кумуш медалга сазовор бўлган бўлса, Илёс Арабжонов республика миқёсидаги чемпионатларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. У бугунги кунда ўзининг қатъияти ва интилиши билан тенгдошларига намуна бўлаётир.

Илёс полвон 2013 йилда туғилган бўлиб, миллий кураш билан шуғулланишни акасидан илҳомланиб бошлаган. У 2024 йил Наманганда ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида кумуш, 2025 йилги мамлакат чемпионатида бронза медалини қўлга киритган бўлса, 2026 йил Андижонда бўлиб ўтган Ўзбекистон биринчилигида ғолибликка эришди.
— Келажакда Осиё ва жаҳон чемпионатларида иштирок этиб, Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишни мақсад қилганман, — дейди Илёс Арабжонов. — Спорт мактабимизда ёш спортчилар учун барча зарур шароитлар яратилган. Жумладан, тиббиёт хоналари, кийиниш хоналари ҳамда машғулотлар ўтказиш учун керакли жиҳоз ва инвентарлар билан таъминланганмиз. Қисқача айтганда, биз ёшларнинг жисмонан соғлом, маънан тетик бўлиб камол топишимиз, танлаган спорт туримизда юқори натижаларга эришишимиз учун барча имкониятлар мавжуд. Насиб этса, келгусида янада катта ютуқлар билан Ватанимиз шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қиламиз.

Шунингдек, мактабда дзюдочи Сухроб Пўлатовнинг Осиё кубогида ғолибликни қўлга киритгани, таэквондо WT вакиллари Зуфаржон Абдуазизов ҳамда Чарос Миродилованинг Ўзбекистон чемпионатида олтин медалларга эришгани муассасада тайёргарлик ишлари изчил олиб борилаётганидан далолат беради.
Муҳими, спорт мактаби 2024 йилда Ўзбекистон миллий терма жамоаларига 11 нафар асосий ва 5 нафар захира спортчини етказиб берди. Бу эса муассаса фаолиятининг амалий самараси сифатида баҳоланмоқда.
2025 йил натижалари ҳам салмоқли бўлди. Турли спорт турлари бўйича ўтган республика чемпионатлари ва кубок баҳсларида 2 та олтин, 8 та кумуш ва 17 та бронза медали қўлга киритилган бўлса, жаҳон, Осиё ҳамда халқаро мусобақаларда 6 та олтин, 5 та кумуш ва 10 та бронза медали жамғарилди.
Дарҳақиқат, бугун спорт мактабларида яратилаётган шароитлар, мураббийларнинг фидокорона меҳнати ва ёшларнинг спортга бўлган қизиқиши юртимиз спорт салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Энг муҳими, бу каби муассасалар нафақат чемпион спортчиларни, балки жисмонан соғлом, маънан етук ва Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси юқори бўлган ёш авлодни тарбиялашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Самандар Исоқов,
ЎзА