Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ёшлар манфаатини таъминлаш, уларнинг билим ва салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилган тизимли ёндашув асосида барча соҳаларда кенг имкониятлар яратилмоқда.
Сув таъминоти соҳаси ҳам бу жараёндан четда қолмаган. “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти сифатида биз нафақат соҳавий инфратузилмани модернизация қилиш, балки инсон капиталига, айниқса, ёш мутахассисларга сармоя киритишни стратегик вазифа деб ҳисоблаймиз.
Ҳозирги кунда жамият тизимида 30 ёшгача бўлган 4 170 нафар ёш мутахассис фаолият юритмоқда. Уларнинг катта қисми юқори малакага эга бўлиб, соҳада янгича фикр, инновацион ёндашув ва ишбилармонлик маданиятини шакллантирмоқда.
Ёшлар салоҳиятини тўғри йўналтириш мақсадида барча ҳудудий филиалларда ёшлар етакчилари тармоғи ташкил этилди. Улар орқали ташкилот ичида самарали алоқалар тизими шакллантирилди, ташаббусларни амалга оширишга имкон берувчи муҳит яратилди.
Президентимиз томонидан қабул қилинган қарорларга мувофиқ, 2025 йил “Ёшлар дастури” ҳаётга татбиқ этилмоқда. Унда белгиланган етти устувор йўналишдан бири ёшларни замонавий касблар, хорижий тиллар ва китобхонликка жалб этиш масаласидир. “Ўзсувтаъминот” АЖ мазкур вазифани амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида “Мутолаа” ва “Ибрат фарзандлари” каби лойиҳаларни амалга жорий этди. Ходимлар ушбу платформа ва мобил иловалар орқали тил ўрганиш ва китоб мутолаасига жалб этилмоқда, уларнинг обуна харажатлари жамият томонидан қоплаб бериляпти. Бу эса билим олишга барқарор рағбат яратиб, ўз устида ишлаш маданиятини шакллантирмоқда.

Ёшлар сиёсати жамиятнинг ички бошқарув тизимида ҳам устувор аҳамиятга эга. Марказий идора ва ҳудудий корхоналарда ёшлар масалалари билан шуғулланувчи масъуллар тайинланган. Улар орқали нафақат ташкилот ичидаги ёшлар, балки ҳудудлардаги аҳоли ўртасида истиқомат қилувчи ёшлар ҳам қамраб олинмоқда.
Масалан, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар билан индивидуал ишлаш амалиёти йўлга қўйилган. Жорий йилда ўтказилган мулоқот ва учрашувлар чоғида 36 та масала кўтарилиб, уларнинг 28 таси ҳал этилди, қолганлари бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Чирчиқ шаҳрида 35 нафар ёшнинг эҳтиёжлари ўрганилиб, моддий ва техник ёрдамлар кўрсатилди.
Мутахассислар салоҳиятини ошириш ва соҳага янги қон олиб кириш мақсадида жамият 10 та олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик ўрнатган. Улар орқали ҳар йили ўртача 90 нафар битирувчи амалиётни жамият тизимида ўтаб, ишга қабул қилинмоқда. Шу билан бирга, Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда олий маълумотли ва 2 йиллик иш тажрибасига эга бўлган ёшлар учун 4 ойлик қайта тайёрлаш курслари ташкил этилмоқда.
Жаҳон стандартлари асосида ишлаш қобилиятини шакллантириш мақсадида халқаро ҳамкорликлар ҳам кенгаймоқда. Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA), "K-WATER", Франциянинг "SUEZ" компаниялари билан амалий алоқалар асосида ёшларимиз хорижий тажрибаларни ўрганмоқда. Бу эса уларнинг касбий билимларини бойитиш, стратегик фикрлаш қобилиятини шакллантириш ва глобал талабларга мос кадрларга айланишига замин яратади.
Қолаверса, йирик лойиҳаларни амалга ошираётган хорижий пудратчи ташкилотлар лойиҳа якунлангандан сўнг мутахассисларини 1 йил давомида маҳаллий кадрлар билан амалий иш жараёнида қолдирмоқда. Бу тажриба мактаби ёшлар учун бетакрор имконият ҳисобланади.
Жамиятда жамоавийлик руҳини мустаҳкамлаш, соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳамда интеллектуал салоҳиятни юксалтириш мақсадида маданий ва спорт тадбирлари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Хусусан, жорий йилда ўтказилган шахмат турнири ёшларнинг стратегик фикрлаш қобилияти ва мулоқот маданиятини янада оширишда ўз самарасини берди.
Биз “Ўзсувтаъминот” АЖда ёшлар сиёсатига оддий ижтимоий жараён эмас, балки стратегик ривожланишнинг асосий омилларидан бири сифатида қараймиз. 4 170 нафар ёш мутахассис – бу рақам ортида янги энергия, инновацион ғоялар ва масъулият ҳисси мужассам.
Аҳмад Сувонқулов,
“Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси.
ЎзА