Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев айни кунларда қисқа муддатли меҳнат таътилида бўлганлиги боис, илғор ёшлар етакчиларидан бири Дилмурод Раҳимжонов вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Бундан кўзланган мақсад замонавий билим ва тафаккурга эга, ташаббускор кадрларни тайёрлаш, ёшларга ўз раҳбарлик қобилиятини тўла намоён этиши учун имконият беришдир.
Вилоят ҳокими ўринбосарлари ва бошқарув аппарати ходимлари иштирокида ўтган йиғилишда Д.Раҳимжонов ҳокимлик жамоасига таништирилди.

Унда сўзга чиққан вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Раҳимжон Бобоев вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев ташаббуси билан амалиётга татбиқ этилаётган ушбу тажрибанинг аҳамияти ҳақида тўхталди.
Д.Раҳимжонов белгиланган кун тартибига мувофиқ вилоятдаги инвестицион лойиҳалар, ижтимоий соҳа объектлари, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ишлар билан танишади. Шунингдек, ҳудудларда сайёр қабул ҳамда ёшлар билан учрашувлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган.
Маълумот учун: 28 ёшли Д.Раҳимжонов 2022 йилдан буён Гулистон шаҳар Дўстлик маҳалласи ёшлар етакчиси сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда. У 2023 йилда ўтказилган "Йилнинг энг намунали ёшлар етакчиси" Республика танловида ғолиблар сафидан ўрин эгаллаган.
Ш.Суяров, ЎзА мухбири