Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ташаббуси билан Беруний тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида “Ёшлар дафтари – имкониятлар дафтари” мавзусида ёшлар фестивали бўлиб ўтди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 8 октябрь куни жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати, яъни “темир дафтар”дек ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари”ни шакллантириш вазифаси белгиланган эди. Унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилди.
Видеоселектор йиғилишида берилган тошириқларининг ижросини таъминлаш мақсадида 2020 йил 15 октябрь куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси масъуллари иштирокида қўшма йиғилиш ўтказилиб, маҳаллалар кесимида ишсиз аёллар ҳамда ёшлар рўйхатини шакллантириш ишларини бошлаш, уларнинг ҳар бири билан янгича тизим асосида манзилли ишлаш механизми белгилаб олинди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг “Қорақалпоғистон Республикасида аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш мақсадида “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларини ташкил этиш тўғрисида”ги мажлис баёни тасдиқланди. Ҳар бир шаҳар ва туманда ишчи гуруҳ ташкил этилиб, махсус штаблар фаолияти йўлга қўйилди.
“Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”ни юритиш бўйича Нукус шаҳри ва Беруний тумани намуна сифатида белгилаб олинди. Қорақалпоғистон Республикаси миқёсида ишчи гуруҳлар томонидан бугунги кунга қадар мавжуд 416 та маҳаллада хатлов ўтказилиб, 292516 та хонадонда 310243 нафар ёш томонидан анкета сўровномаси тўлдирилди. Шу жумладан, намуна сифатида белгилаб олинган Нукус шаҳри ва Беруний туманида маҳаллалар кесимида сўровномалар ўтказилиб, Нукус шаҳрида 62555 та, Беруний туманида 30058 та, жами 92613 та хонадон хатловдан ўтказилди. Бунинг натижасида улар билан тизимли, манзилли иш йўлга қўйилиши қатъий назоратга олинган бўлиб, мазкур дафтарга рўйхатга киритилган ёшлар ва аёлларга ёрдам кўрсатиш бўйича амалий ишлар Беруний туманида бошланди. Мазкур жараённи кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ёшлар фестивали ташкил этилди. Фестивал доирасида 14 та лойиҳа ва тадбир ўтказилиб, уларга 3 минг нафардан ортиқ ёш жалб қилинди.
Тадбир туман марказидаги Халқлар дўстлиги кўчаси бўйлаб мингдан ортиқ ёшлар иштирокида спорт марафони билан бошланди. Шунингдек, 500 нафардан зиёд аҳолини "Соғлом ҳаёт сари 5000 қадам" шиори остида юриш марафони бирлаштирди. Ғолиблар ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
Шу куни “Ёшлар меҳнат гузари” мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлди. Ёш тадбиркор Анвар Бекбергенов “Yoshlar-kelajagimiz” Давлат дастури асосида туман ҳокимининг қарори билан “Хоразм” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан бўш ер майдонини олиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлади. Мажмуа 3 қаватдан иборат бўлиб, унда асосан савдо, мобил телефон жиҳозлари, косметика маҳсулотлари дўконлари, келин либослари, аёллар гўзаллик салонлари каби хизмат кўрсатиш нуқталари мавжуд. Ушбу мажмуанинг умумий қиймати 2 миллиард сўм бўлиб, лойиҳа тўлиқ ишга тушиши натижасида 15 нафар ёшнинг бандлиги таъминланиши кўзда тутилган.
Туманда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Замонавий спорт иншоотлари қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Туман марказида қуриб битказилган сузиш ҳавзаси шулар жумласидандир. Бу ерда тўгарак ташкил этилиб, ёшлар сузиш спорти билан шуғулланиш имконига эга бўлди. Фестивал иштирокчилари тумандаги сузиш ҳавзасида ташкил қилинган тўгарак фаолияти билан танишди.
Лойиҳа доирасида “Мен ишга жойлашдим” бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Унда тумандаги корхона ва ташкилотлар ўзларида мавжуд 334 та бўш иш ўрни билан иштирок этди. Ярмарка давомида 70 нафар фуқаро, шундан 34 нафар ёш иш билан таъминланди.
Ёшлар маркази мажлислар залида туманда фаолият юритаётган тадбиркорлар ва фермерлар иштирокида “Тадбиркорлик сирлари” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди. Семинарда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагини билдирган 100 нафар ёш иштирок этди.
[gallery-198]
Тумандаги Навоий овулида истиқомат қилувчи имконияти чекланган ёш М.Бекимбетова маданият уйидан кутубхона ташкил этди. Унга ташкилотчилар томонидан 600 дона китоб совға қилинди ва кутубхоначи сифатида ишга йўлланма берилди. Шу куни ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди. Ҳар бир сектордан ногиронлиги бўлган бир нафар ёшга ва бир нафар аёлга моддий ёрдам кўрсатилди.
“Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” хатлов якунлари бўйича Беруний тумани сектор раҳбарлари, Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи А.Данияров, журналист ва блогерлар иштирокида “Пресс-клуб” ташкил этилди. Тадбир давомида сектор раҳбарлари хатлов якунлари ва “Ёшлар дафтари”га киритилган йиғит-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг ижтимоий мослвшувига кўмаклашиш мақсадида белгиланган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, журналист ва блогерлар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олишди.
Фестивал якунига бағишланган гала концертда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати кўмита раиси Б.Сайфуллаев, Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи, сенатор А.Данияров, Беруний тумани ҳокими А.Сапарбаевлар давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда ёшларга яратилган шарт-шароитларга тўхталди. Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш ишларида фаол иштирок этиб келаётган бир гуруҳ ёшларга “Энг ёш фермер” ,“Энг кўп иш ўрни яратган тадбиркор”, “Энг фаол спортчи”, “Энг китобхон ўқувчи”, “Энг ёш мақом ижрочиси” номинациялари бўйича эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
–“Беш ташаббус – беш имконият” доирасида “Шаҳноза-2020” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиб, 10 нафар ёшни доимий, 10 нафарини “Устоз-шогирд” анъанасига мувофиқ иш билан таъминладим,–дейди“Энг кўп иш ўрни яратган тадбиркор”номинацияси ғолиби Шаҳноза Бекимбетова.–Келажакда иш ўринларини янада кўпайтиришни мақсад қилганман.
Таниқли эстрада хонандалари ва ёш санъаткорлар ижросидаги ажойиб куй-қушиқлар тадбирга ўзгача кайфият бағишлади.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА