Ёшлар — божхона тизимининг келажакдаги таянчи
“Ёшлар куни” доирасида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғининг божхона хизматига қабул жараёнида бир неча босқичли саралаш синовларидан муваффақиятли ўтиб, танловнинг навбатдаги босқичига етиб келган номзодлар билан учрашуви ташкил этилди.
Бугунги кунга 40 нафарга яқин номзодлар бир қатор саралаш жараёнларидан ўтиб, ўз билим, салоҳият ва имкониятларини намоён этишди. Мазкур босқичлардан муваффақиятли ўтган ёшлар бўлиб ўтадиган синовларга пухта тайёргарлик кўришмоқда.

Oчиқ мулоқот тарзида ўтказилган учрашувда номзодларнинг хизматга қабул қилиниш жараёнидаги тайёргарлиги, эришган натижалари ва келгусидаги вазифалари атрофлича муҳокама қилинди.
Бошқарма бошлиғи томонидан учрашув давомида бўлажак божхона ходимларига соҳанинг ўзига хос хусусиятлари, хизмат интизоми, касбий масъулият, қонунийлик ва ҳалоллик тамойилларига қатъий риоя қилиш, шунингдек, божхона органлари ходими зиммасига юклатиладиган шарафли ва масъулиятли вазифалар ҳақида батафсил тушунча берилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири