Ёшлар билан мулоқотда уларнинг экологик таклифлари тингланди
Юртимизда ҳафтанинг ҳар пайшанба кун “Ёшлар куни” сифатида барча ташкилот ва муассасаларда ёшлар билан мулоқотлар ўтказилмоқда. Уларда ёшлар вакилларининг таклиф ва ташаббуслари, ғоялари, муаммолари тингланмоқда ва уларга ечимлар топилмоқда.
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгашида ҳам “Ёшлар куни” муносабати билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда олий таълим муассасалари талабалари, ёш сиёсатчилар ва стартап ғоялари муаллифлари иштирок этиб, ўз таклиф ва ташаббуслари билан фаол қатнашдилар.

Тадбирда партия Марказий кенгаши раиси ўринбосари Нилуфар Маткаримова ҳамда Яккасарой тумани ҳокими Нилуфар Аллабергенова иштирок этиб, юртимизда экологик барқарорликни таъминлаш, янги яшил ҳудудлар барпо этиш ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтдилар. Ёшларнинг экологик маданиятини ошириш келгусида экологик барқарорликни таъминлашда муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди.

Туман ҳокими Яккасаройда ёшларнинг фаоллиги ва ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Экопартиянинг туман ташкилоти билан ҳамкорликда олиб борилаётган амалий тадбирларга урғу қаратди.

Мулоқот давомида ёшлар ҳам ўз фикрларини билдириб, экология мавзусида медиа контентлар яратиш, турли форум ва акциялар ташкил этиш, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда замонавий инновацион технологияларни жорий этишга қаратилган қатор таклифларни илгари сурдилар.
Ёшлар билан мулоқот жонли ва самарали тарзда ўтди. Бундай очиқ суҳбатлар ёшларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини янада кучайтириш, уларнинг ғоя ва ташаббусларини амалга оширишда муҳим ўрин тутади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА