Ёшлар билан мулоқот
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида "Ёшлар куни" муносабати билан Тошкент шаҳар ҳокимининг транспорт ва йўл инфратузилмаси масалалари бўйича ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев талаба-ёшлар билан учрашди.
Учрашув давомида йўл ҳаракатини ташкил этишда хорижий тажриба ва уни пойтахтда жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Хусусан, ҳоким ўринбосари йўл ҳаракатини тартибга солиш бўйича ишлаб чиқилган мастер-режа, тирбандлик ва ЙТҲларнинг олдини олиш, мобил хизматларни ривожлантириш, сунъий интеллектни жорий этиш юзасидан батафсил маълумот берди.

Жамоат транспортида шаффоф тўлов тизими, йўловчиларнинг тўлов интизомини ошириш, электрон тўлов тизимларининг самарадорлиги каби саволларга жавоб берилди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашув ёшларнинг таклиф ва ташаббусларига бой бўлди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА