Ёшлар билан мулоқот
Бухоро давлат тиббиёт институти ҳузуридаги Академик лицейда “Прокурор, ректор, депутат ва битирувчи ёшлар” мавзусида муҳим учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирни лицей директори, Бухоро шаҳар Кенгаши депутати Раъно Исматова очди.
–Бугунги кунда ёшларнинг тўғри йўл танлаши, уларнинг билимли ва маънавиятли бўлиб вояга етиши жамият тараққиётининг асосий омилларидан биридир. Шу боис, бундай учрашувлар орқали уларга йўл-йўриқ кўрсатиш, қизиқишларини қўллаб-қувватлаш бизнинг энг муҳим вазифаларимиздан саналади, –деди директор. У ёшларни фақат билим олиш билан чекланиб қолмасдан, жамият ҳаётида фаол иштирок этишга чақирди.

Бухоро вилоят прокурори Улуғбек Ҳамдамов ўз чиқишида ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, ёшларни турли таҳдид ва ёт ғоялардан ҳимоя қилишда таълим муассасалари, ота-оналар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шунингдек, у ҳар бир ёш ўз ҳуқуқ ва бурчларини яхши билиши кераклигини алоҳида урғулади.
Институт ректори Шуҳрат Тешаев эса ўз нутқида олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, кредит-модул тизими, тиббиёт таълимининг ўзига хос жиҳатлари ва талабалар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаш, чет тилларини пухта ўрганиш ва доимий ўз устида ишлаш — муваффақиятнинг энг муҳим шарти эканлигини таъкидлади.
Учрашув давомида ўқувчилар томонидан турли таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, талабалар ётоқхонасида яшовчи битирувчи ёшлар лицей ҳудудида замонавий спорт майдончаси қуриш таклифини билдирди.

Мазкур ташаббус мутасаддилар томонидан қўллаб-қувватланиб, ёзги спорт майдончасини барпо этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди ва ижроси назоратга олинди. Бу эса ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда муҳим қадам бўлди.
Ташриф чоғида битирувчи ёшларга камида иккита хорижий тилни мукаммал эгаллаш, экологик маданиятни ошириш, табиатни асраш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш каби муҳим масалалар юзасидан ҳам атрофлича тушунтиришлар берилди.
Мутахассислар томонидан бугунги глобаллашув даврида тилни билган ва экологик онги юқори бўлган ёшларгина рақобатбардош бўла олиши таъкидланди.

Учрашувнинг энг қизиқарли қисми савол-жавоблар бўлди. Ўқувчилар олий таълимга кириш тартиби, тиббиёт йўналишлари, грант ва контракт имкониятлари, келажакдаги касбий йўналишлар ҳақида кўплаб саволлар билан мурожаат қилди.
Мутахассислар томонидан берилган аниқ ва асосли жавоблар ёшларда катта қизиқиш ва ишонч уйғотди.
Мазкур учрашув ёшлар учун нафақат ахборот манбаи, балки уларнинг ҳаётий қарашлари ва мақсадларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири