Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Ёшлар билан ишлаш бўйича янгича тизимни жорий этишга қаратилган “Ёшлар дастурлари” ижросини тизимли ташкил этиш юзасидан амалга оширилаётган ишларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи асосида ёшлар сиёсати доирасидаги ишларни янада юқори босқичга олиб чиқиш ва ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизимни жорий этиш мақсадида мамлакатимизнинг барча туман (шаҳар)ларида “Ёшлар дастурлари”ни амалга ошириш йўлга қўйилди.
Хусусан, Ёшлар билан ишлаш бўйича янгича тизимни жорий этиш Республика штаби тузилди ва мазкур штабнинг республика, ҳудудий ва туман (шаҳар) мониторинг гуруҳлари ўз фаолиятини бошлади.

Штабнинг асосий мақсади Тошкент шаҳар намунаси асосида туман ва шаҳарлар кесимида ишлаб чиқилган ёшлар дастури, ёшлар баланси, ёшлар дафтари ва ёшлар мурожаатларини тизимли ишлаш билан боғлиқ бўлган ишларни мониторинг қилиш ҳамда доимий таҳлил қилиб боришдан иборат.
– Шунингдек, Республика штаби аъзолари зиммасига “Ёшлар дастурлари” ижроси юзасидан аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан мутасадди ташкилотлар вакиллари билан муҳокамалар ташкил этиш, дастурлар ижросини белгиланган муддатларда сифатли амалга ошириб келаётган мутасаддиларни рағбатлантириш ва аксинча, дастурлар ижроси қониқарсиз аҳволда бўлган туман (шаҳар) масъулларига интизомий чоралар кўриш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига таклифлар киритиб бориш ҳам юклатилади, –деди Ёшлар ишлари агентлиги директорининг ўринбосари Фаррух Омонов. – Бундан ташқари, дастур асосида амалга оширилган ишлар тўғрисида таҳлилий ҳисоботларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиб борилишини таъминлаш, ижрони ўрганиш жараёнларида аниқланган қонунбузарлик ва ўз вазифасига совуққонлик билан қараш ҳолатлари ҳамда ёшлар масаласига беписанд муносабатда бўлаётган мутасаддилар ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ахборотлар киритиб бориш каби вазифалар ҳам республика штаби томонидан амалга оширилади.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА