Ёшлар бандлигига амалий кўмак
“Ёшлар ойлиги” доирасида Тошкент вилоятида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда ички ишлар органларида хизмат қилишга қизиқишини оширишга қаратилган навбатдаги “Ишга марҳамат” меҳнат ярмаркаси ўтказилди.
Тошкент вилояти ИИББ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати ташаббуси билан Чирчиқ давлат педагогика университетида ташкил этилган тадбирда мазкур олий таълим муассасаси ҳамда бошқа олийгоҳларнинг битирувчилари, шунингдек, вилоятнинг шаҳар ва туманларидан ички ишлар органларида хизмат қилиш истагида бўлган ишсиз ёшлар иштирок этди.

Тадбир давомида номзодларга ички ишлар органларидаги хизмат шартлари, мавжуд бўш иш ўринлари ва танлов жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, Қўриқлаш хизмати, Патруль-пост хизмати ҳамда Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ходимлари махсус техника, хизмат автомобиллари ва жиҳозлари билан иштирок этиб, хизмат фаолиятининг ўзига хос жиҳатларини намойиш этди.

Меҳнат ярмаркасида қарийб 500 нафар ёш қатнашди. Улардан 28 нафари Қўриқлаш хизматидаги бўш лавозимларга, 183 нафари эса ҳарбийлаштирилган бўлинмалардаги иш ўринларига номзод сифатида “E-nomzod” ахборот тизими орқали рўйхатдан ўтказилди.
Таъкидлаш лозимки, бундай саъй-ҳаракатлар ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни муносиб меҳнат фаолиятига жалб этиш ҳамда келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Танлов жараёнлари давом эттирилади.
А.Мусаев, ЎзА