Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Ёшлар овози” газетаси таҳририяти қошидаги “Маҳорат мактаби” тингловчилари учун “Замонавий фотожурналистика муаммолари” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.
Тадбир аввалида мазкур “Маҳорат мактаби”га Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан замонавий проектор, проектор учун экран ва маркерли доска топширилди.
– Бугун медиа соҳага ҳам янги техника ва технологиялар кириб келмоқда, бўлажак журналист йигит-қизларимиз ана шу техникалар имкониятларидан фойдаланган ҳолда ўз билим ва малакасини бойитиб бориши керак, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов. – Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 27 июндаги қарори билан тасдиқланган дастурда устоз-шогирд асосида “Маҳорат мактаб”лари ташкил этиш, ушбу мактаблар фаолиятини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. “Ёшлар овози” газетаси таҳририяти қошидаги “Маҳорат мактаби”га бугун биз топширган техникалар ҳам ана шу вазифалар ижроси доирасида амалга оширилди.
Семинар-тренингда таниқли ва тажрибали фотожурналист Муҳаммад Амин тингловчиларга фотоаппарат билан ишлаш, объективлар, ёруғлик, соя, ракурсларни белгилаш, мавзуга мос фотоларни қай йўсинда танлаш бўйича маълумотлар берди.
– Мазкур тадбир биз учун ҳар жиҳатдан фойдали бўлди, — дейди “Маҳорат мактаби” тингловчиси Машҳура Бурҳонова. – Фотоаппаратлар, уларни ишлатиш ва фотоматериал тайёрлаш бўйича кўп нарса ўргандик. Бу эса амалиётда бизга қўл келади, деб ўйлайман.
– Фотожурналистика бўйича тингловчиларимиз олаётган билимларини амалиётда қўллай олиши, бу борада уларни тўғри йўналтириш муҳим, — дейди “Ёшлар овози” газетаси муҳаррири Сардор Ялғашев. – Айни масалада бизни қўллаб-қувватлаб, керакли техник воситалар билан таъминлагани учун Ўзбекистон Журналистлар уюшмасидан миннатдормиз.
Семинарда ёш журналистлар фотожурналистикага оид ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олди.
ЎзА