Истиқлол талабаларга илҳом улашмоқда
Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетида Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Мустақиллик – 35 йил” шиори остида тасвирий санъат танлови бўлиб ўтди.
Унда олий таълим муассасасининг қурилиш материаллари саноати ихтисослаштирилган технологиялари факультети талабалари ранг-баранг, сермазмун ижодий ишларини кенг намойиш этди.

Изланувчан талаба йигит-қизлар очиқ осмон остидаги беллашувда турли мавзуда яратган тасвирий санъат асарларида она Ватанга чексиз меҳр-садоқати, жаннатмонанд юртимизнинг бетакрор гўзаллиги, тинч-фаровон ҳаёт ва ёшларнинг орзу-интилишлари, интеллектуал дунёқарашини, нафис санъатнинг қалб муждаси, мустақиллик, эркин ва обод ҳаётнинг туганмас илҳом манбаи эканини маҳорат билан акс эттирди.

Олий таълим муассасасида ўн мингга яқин йигит-қиз ўзлари танлаган касб сирларини чуқур ўрганмоқда. Уларнинг изланиш ва интилишларини қўллаб-қувватлаб, истеъдодини кенг намоён этиши учун барча шароит яратилган.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири