Ёш тиббиёт ходимларига коррупцияга қарши курашишга доир маълумотлар берилди
Тошкент давлат тиббиёт университетида “Ёшлар ва раҳбар учрашуви” бўлиб ўтди.
Мулоқотда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов, Соғлиқни сақлаш вазирининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари Жалолиддин Асамутдинов, университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва талабалар қатнашди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда ёш авлод вакиллари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Бунга жавобан фарзандларимиз, хусусан, тиббиёт тизими ёш кадрлари ўз истеъдодини намойиш этяпти. Натижада соҳада янги ташхислаш ва даволаш усуллари, мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўзлаштирилмоқда. Буларнинг барчасида ёш тиббиёт ходимларининг салмоқли ўрни бор.
Учрашув давомида соғлиқни сақлаш тизимида коррупциявий омилларга қарши олиб борилаётган кураш натижалари юзасидан ҳам маълумот берилди. Масалан, жорий йилнинг ўзида мамлакат бўйича 450 та назорат тадбири ўтказилиб, 12,8 млрд. сўмлик маблағ мақсадсиз сарфланишининг олди олинди ва 260 га яқин манфаатлар тўқнашуви бартараф этилди.
Шунингдек, талабалар ва ходимларнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида тиббиёт олий таълим муассасалари, малака ошириш марказлари ва уларнинг филиалларида 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб махсус дастур йўлга қўйилди. Ҳозирга қадар ушбу курсда қарийб 2500 нафар талаба ҳамда 53 минг нафарга яқин тиббиёт ходими ўқитилди.
Умуман, очиқ мулоқот асносида ёшларнинг коррупцияга қарши кураш кўникмалари янада мустаҳкамланди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА