Ёш тарихчиларнинг 5-ёзги ўқишлари ташкил этилди
Фанлар академияси Тарих институти ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида “Ёш тарихчиларнинг 5-ёзги ўқишлари” ташкил этилди. Унда Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан, шунингдек, қардош Озарбайжон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистондан келган ёш тарихчилар иштирок этди.
Бу йил ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан мазкур ёзги ўқишлар ҳам ушбу улуғ санага бағишланган тадбирлардан бири сифатида ўтказилмоқда. Лойиҳа ёш тарихчиларнинг миллий тарихимизни чуқур ўрганишга бўлган қизиқишини ошириш, шунингдек, мустақиллик йилларида эришилган ютуқларни ёш авлодга тўғри ва холис етказишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Тарих институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, тарих фанлари доктори, профессор Дилноза Жамолова юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, илм-фан ва ёшларга қаратилаётган эътибор самараси сифатида ташкил этилган ушбу ёзги ўқишларнинг мақсади ҳақида сўзлади.

Таъкидланганидек, юртимиз, Марказий Осиё давлатлари ҳамда Озарбайжондан ёш тарихчиларни бир майдонга жамлаб, умумий тарихимизни ўрганишни янги босқичга кўтариш ва келажак авлодни шу йўлда бирлаштириш “Ёш тарихчиларнинг 5-ёзги ўқишлари”дан кўзланган асосий мақсадлардан биридир.
Таниқли тарихчи олимлар ҳамда қардош мамлакатлар вакиллари тадбир давомида ўзаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш, бундай ёзги ўқишларни Марказий Осиё миқёсида янада кенгайтириш ва анъанавий тусга киритиш зарурлиги ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Дастлабки машғулотларда Тарих институти катта илмий ходими, тарих фанлари доктори Сурат Кубаев “Қазилма ашёлар билан ишлаш: уларни аниқлаш, мазмунини ўрганиш ва илмий изланишларда қўллаш” мавзусида маъруза қилди. Олим ўз маърузасида қадимги топилмалар ва ер остидан қазиб олинган ашёлар билан ишлаш усуллари, тадқиқот жараёнининг муҳим босқичлари, шунингдек, сўнгги йиллардаги янги топилмалар ва улар бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижаларини кенг ёритиб берди.
Қизғин ўтган учрашув сўнгида ёш изланувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассисдан аниқ ва батафсил жавоб олди.

“Ёш тарихчиларнинг 5-ёзги ўқишлари” доирасида “Заковат” билимдонлар беллашуви ҳам бўлиб ўтди. Унда юртимиз вакиллари билан бирга Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган ёш тарихчилар ўзларининг зукколиги ва билим даражасини синовдан ўтказдилар.
Беллашув ёш тадқиқотчилар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва келгуси ҳамкорликка замин яратишга хизмат қилди. Муросасиз ва қизғин кечган беллашув якунида Озарбайжон, Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон вакилларидан ташкил топган “Турон” жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди.
Мусобақа ёш олимларнинг билим ва салоҳиятини намоён этиш билан бирга, минтақа тадқиқотчилари ўртасидаги ўзаро яқинлик ва дўстона муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилди.
Н.Усмонова,
ЎзА