27 июль куни тунда Ўзбекистон спорт делегацияси Россия Федерациясининг Владивосток шаҳрида ўтадиган VII «Осиё болалари» спорт ўйинларида иштирок этиш учун жўнаб кетади.
Мазкур ўйинлар 1996 йили замонавий Олимпия ҳаракатининг 100 йиллиги муносабати билан ташкил этилган бўлиб, ҳар тўрт йилда бир марта ўтказилади.
Еттинчи бор ўтказилаётган Осиё болалари спорт ўйинларида 12 та давлатнинг 1355 нафар ёш спортчилари 19 спорт туридаги 273 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб боришади.
Маълумки, Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтиши керак бўлган XIX ёзги Осиё ўйинларининг эпидемиологик вазият туфайли бир йилга кечиктирилиши Владивостокда бўладиган ушбу ўйинлар ҳамда Туркиянинг Коня шаҳрида ташкил этиладиган Ислом бирдамлиги ўйинларини қитъа давлатлари учун йилнинг асосий спорт тадбирлари мақомига кўтарди.
Ташкилий қўмита маълумотларига кўра, Владивосток спорт майдонларида ўз спорт турлари бўйича жаҳон ва қитъа чемпионлари бўлган, нуфузли мусобақаларда ғолибликка эришган 200 нафардан зиёд спортчи ёшлар қатнашиши учун рўйхатдан ўтган.
Владивосток ўйинларида Ўзбекистоннинг 174 нафар ёш спортчиси дастурдаги бадминтон, баскетбол (3х3), бокс, кураш, дзюдо, енгил атлетика, мас-рестлинг, мини-футбол, стол тенниси, сузиш, соҳил волейбол, милтиқдан ўқ отиш, самбо, спорт курашлари, камондан отиш, таэквондо ва бадиий гимнастика спорт турлари бўйича иштирок этиши кутилмоқда. Яъни умидли ва истеъдодли спортчиларимиз 17 та спорт турида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилишади.
Осиё болалари спорт ўйинлари дастурига биноан мусобақаларни соҳил волейболчилари 28 июлдан бошлаб беришади. Айнан шу куни тўрт йиллик ўйинларнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.
29 июлдан стол тенниси, бадиий гимнастика, баскетбол 3х3, сузиш беллашувларига старт берилади.
Эслатиб ўтамиз, юртимиз ёш спортчилари 2008 йили Россиянинг Якутск шаҳрида ўтган «Осиё болалари» спорт ўйинларида илк бор қатнашган. Вакилларимиз ўша ўйинларда 5 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медалларига мушарраф бўлган ҳолда 16 та давлат орасида умумжамоа ҳисобида 7-ўринни эгаллаган.
Т. Рўзиев, ЎзА.