Ёш шорт-трекчиларимиз Осиё очиқ чемпионатида 2 та медалга сазовор бўлди
Ҳиндистоннинг Деҳрадун шаҳрида шорт-трек бўйича Осиё очиқ чемпионати иккинчи кунида Ўзбекистон терма жамоаси яна бир совринли ўринга эга чиқди.
Халқаро конкичилар иттифоқи (ISU) тақвим режасидан ўрин эгаллаган мазкур чемпионатнинг илк кунида 14-15 ёшли ўсмирлар ўртасида 1000 метр масофада кумуш медални қўлга киритган Алишер Маҳмудов сўнгги кунги баҳсларда яна совриндорлар қаторидан ўрин эгаллади.
Чемпионатнинг охирги кунида 777 метр масофага мўлжалланган мусобақаларда 10 та давлатнинг 28 нафар шорт-трекчилари билан баҳс олиб борган А.Маҳмудов умумий ҳисобда 42 балл жамғариб, бронза медалига сазовор бўлди.
Бугун, 21 август куни Осиё очиқ чемпионатида 1 та кумуш ва 1 та бронза медалига сазовор бўлган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Тошкентга қайтиб келади.
Т.Рўзиев,
ЎзА