Бугунги кунда кўпчилик ёшлар томонидан кредит олиш билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушмоқда.
Жиззахлик Аҳрор Иброҳимов ана шундай ёшлардан бири.
– Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида яшайман. Ёшим 25да. Оилам билан янги ҳовлига кўчиб чиқдик. Куз-қиш мавсумигача уй-жойимни таъмирлашим керак. Вақтинча ишсизман. Кунлик ишларда ишлаб, оила тебратаман. «Ёшлар дафтари»га киритилганмиз. Ҳозир шароитим етишмаганлиги боис уй-жойимни таъмирлашга маблағим йўқ. Банклар биз каби доимий иш ўрни бўлмаган ёшларга уй-жойимизни таъмирлаш учун кредит берадими?
– Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрда «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган янги турмуш қурган ёшларнинг якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун гаровсиз кредит ажратиш тартиби тўғрисидаги 637-сон низом тасдиқланган.
Низомда ёшларнинг алоҳида тоифалари якка тартибдаги хонадонда қўшимча уй-жой қуриш учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит олишлари мумкинлиги белгиланган.
Кредит миқдори – 33 млн. сўмгача, фоиз ставкаси – 17(18) фоиз бошланғич бадали – 15 фоизи, муддати – 20 йилни ташкил этади. Кафиллик «Саховат ва кўмак», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» жамғармалари томонидан таъминланади.
Молия вазирлигидан олинган маблағ, улар ҳисобидан ажратиладиган кредитлар қарз олувчилар томонидан тўловларни амалга ошириш муддатидан қатъи назар, банклар томонидан Бош битим, шартнома ва унга илова қилинган қайтариш графикларига асосан қайтарилади.
Яна бир маълумот, бу кредитлар 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган фуқаролар, ёш оилаларга берилади. Шуни ҳам айтиш керак, талабгорлар бирга илгари арзон уй-жой қуриш дастурлари доирасида имтиёзли ипотека кредитлари олмаган бўлиши лозим.
Кредитлар имтиёзли фоизларда эмас, бозор ставкасида ажратилади. Қарз олувчи ва банк ўртасидаги ўзаро келишувга мувофиқ кредит шартномасида белгиланади.
Бунда тегишлича «Саховат ва кўмак», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» жамғармалари кафиллиги тақдим этилади. Кафиллик берилганлиги учун тўлов (мукофот пули) ундирилмайди.
Марказий банк томонидан йўлга қўйилган ва барча банкларнинг маҳсулотларини ўзида жам қилган bankxizmatlari.uz ахборот порталида қуйидаги банкларда – Халқ банки, "Микрокредитбанки", "Ўзсаноатқурилишбанк", Алоқабанкда кредит маҳсулоти борлигини кўриш мумкин.
Кредит қарз олувчининг банк пластик картасига ёки пудрат ташкилотининг ҳисобварағига ўтказиб берилади. Кредитни ўз вақтида ва тўлиқ қайтармаслик хавфи юзага келса, банк кредит шартномаси ҳамда қонунчилик ҳужжатлари талаблари асосида тўлов (қайтариш) муддати келган кредит ва фоиз тўловларини ундириш чораларини кўради.
Кредит бўйича муддати ўтган асосий ва фоиз қарздорликни қарз олувчидан уч ой ичида ундириш имкони бўлмаган тақдирда, ушбу қарздорликлар тегишлича мазкур Низомнинг 11-бандида кўрсатилган кафилликлар ҳисобидан бир ой ичида қоплаб берилади.
Қарз олувчи қурилган якка тартибдаги қўшимча уй-жойнинг тўлиқ қийматини йўқолиш ва шикастланиш хавфларидан суғурта қилишда суғурта ташкилотини мустақил танлаш ҳуқуқига эга.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА