Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёш курашчимиз жаҳон чемпионати финалида

Албаниянинг Тирана шаҳрида спорт курашлари бўйича U-23 тоифасида навбатдаги жаҳон чемпионати беллашувлари бўлиб ўтмоқда.

Кеча чемпионатнинг илк кунида юнон-рум кураши усталари -60, -67, -72, -82 ва -97 килограмм вазндаги саралаш беллашувларида гиламга чиқди.  

 Шиддатли баҳсларда ўзбекистонлик юнон-рум кураши усталаридан -60 килограммда Алишер Ғаниев, -72 килода Аброр Атабаев ва -82 килограмм оғирликда Самандар Бобоназаров ватанимиз шарафини ҳимоя қилди.  

 Аброр Атабаев дастлаб Пуэрто-Рико вакили Брэндон Наваррони 8:0, кейин озарбайжонлик Руслан Нуруллаевни 3:2 ҳисобида таслим этди. Чорак финал босқичида ҳамюртимиз тенг курашлар остидаги баҳсда швециялик Георгис Барбаносга 2:3 ҳисобида имкониятни бой берди.  

 Самандар Бобоназаров саралаш босқичида венгриялик Миклос Киральхазини 8:0 кўринишида енгган бўлса, нимчорак финалда Германия терма жамоаси аъзоси Дени Накаевга йўл берди. Ҳисоб ҳакамлар қарорига биноан 4:1 кўринишини олди.  

 60 килограммда ҳамюртимиз Алишер Ғаниев илк курашда германиялик Георгиос Скарпеллони (9:0) енгди. Кейинроқ руминиялик Денис Михаини 8:0, чорак финал босқичида украиналик Богдан Хришинни 11:2 ҳисобида доғда қолдирди.  

 У ярим финал босқичида Озарбайжон терма жамоаси аъзоси Ниҳад Гулузадени 9:0 ҳисобида таслим этиб, финалга йўл олди.  

 Бугун, 22 октябрь куни Ғаниев чемпионатда бетараф спортчи сифатида иштирок этаётган россиялик Динислам Бамматов билан рўбарў келади.  

Кун давомида шунингдек, юнон-рум кураши вакиллари -55, -63, -77, -87, -130 кило оғирликдаги саралаш беллашувларида ўз омадларини синовдан ўтказади.  

Мусобақаларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Дониёрхон Накибов -77 килограммда гиламга чиқади.  

 Эслатиб ўтамиз, 23 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати баҳслари 27 октябрга қадар давом этади.   

Т.Рўзиев,

ЎзА