Ёш китобхонлар сараланди
Ҳудудларда ёшларни китобхонликка жалб қилиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ва маънавий дунёсини бойитишга қаратилган кенг кўламли тадбирлар давом этмоқда. Хусусан, Нурафшон шаҳридаги Ёшлар марказида “Ёш китобхон” танловининг Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли танлов беш босқичда ўтказилиб, минглаб ёшларни ўз атрофида бирлаштирмоқда. Жумладан, ҳудуд бўйича 56 минг 385 нафар ёш номзодлар қатнашиш истагини билдирган эди. Саралаш туман-шаҳар босқичларидан 66 нафар иштирокчи вилоят босқичига етиб келди. Улар “Бадиий асарлар билимдони” ва “Тезкор савол-жавоб” шартларида ўз билимларини синовдан ўтказди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан ҳар бир иштирокчи белгиланган низом асосида баҳоланди.

– Вилоятимиздан йил сайин ёш китобхонлар сафи кўпайиб бораётганидан жуда хурсандмиз, – дейди Тошкент вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Нодир Хожиев. – Жорий йил февраль ойида ҳам Президентимизнинг ёшлар билан бўлиб ўтган мулоқоти чоғида китобхон ёшлар учун кўплаб имтиёзлар айтилган эди. Шу асосида жойларда тизимли ишлар қилиняпти. Масалан, китоб дўкони очаётган ёшларга имтиёзли кредитлар берилади. “Ёш китобхон оила” танловида эса ғолиб бўлган чирчиқлик оила давлатимиз раҳбари томонидан тақдирланди. Ишонаманки, келгусида ҳам бу каби юқори натижалар кўп бўлади.

Якунда 10-14 ёш тоифасида Бекобод туманидан Сувонқулова Одинахон, 15-19 ёш тоифасида Паркент туманидан Халдорова Меҳрибон, 20-30 ёш тоифасида эса Олмалиқ шаҳридан Юнусова Озода танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

– Бу танловда илгари ҳам қатнашганман, – дейди танлов ғолиби бекободлик О.Сувонқулова. – Лекин бу йилги натижаларим анча яхши бўлди. Ҳар бир босқичда берилган шартлар ва саволларга пухта тайёргарлик кўрган эдим. Муҳими, бу танлов орқали ўз тажриба ва билимларимни оширдим. Кўплаб дўстлар билан танишдим. Ота-онам ва яқинларим жуда хурсанд бўлди. Мақсадим танловнинг мамлакат босқичидан ҳам ғолиб бўлиш.

Ғолиблар Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан тақдирланди.
А.Мусаев, ЎзА