Ёш истеъдодлар саҳнада
Бухоро вилоят мусиқали драма театрида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан “Турон” мактаб театри республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ташкил этилди. Ушбу танлов ёш авлодни санъатга ошно этиш, уларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш ҳамда театр маданиятини кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбир доирасида иштирок этган жамоалар ўз маҳорати ва истеъдодини намоён этиб, томошабинларга унутилмас таассуротлар улашди. Давлат раҳбарининг ташаббуси асосида йўлга қўйилган “Турон” мактаб театри лойиҳаси ўқувчи-ёшларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш, уларда санъатга бўлган қизиқишни ошириш ва ижодий тафаккурни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Вилоят “Келажак” маркази директори Муҳаммаджон Камилжоновнинг таъкидлашича, мазкур лойиҳа нафақат театр санъатини ривожлантириш, балки ўқувчиларда нотиқлик маҳорати ва саҳна маданиятини шакллантириш, уларнинг ички салоҳиятини юзага чиқаришга ҳам катта туртки бермоқда. Шу билан бирга, таълим муассасалари қошидаги театр студиялари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳам асосий мақсадлардан бири ҳисобланади.
[gallery-28544]
Танловнинг вилоят босқичида шаҳар ва туманлар саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган энг иқтидорли жамоалар иштирок этди. Улар “Бизнинг мактаб” номли таништирув ва савол-жавоб, шунингдек, “Театр – ибратхона” шартлари асосида ўз чиқишларини намоён этди. Иштирокчилар саҳнада нафақат актёрлик маҳоратини, балки миллий қадриятларга ҳурмат, юксак маънавият ва санъатга бўлган муҳаббатини ҳам ёрқин ифодалашди.
Якуний натижаларга кўра, Когон шаҳридаги 3-умумтаълим мактабининг “Elegant” жамоаси фахрли 1-ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичига йўлланма олди. Жондор туманидаги 2-умумтаълим мактабининг “Turon sadosi” жамоаси 2-ўринни қўлга киритди. Бухоро шаҳридаги 43-умумтаълим мактабининг “Ko‘hna Turon yoshlari” жамоаси эса 3-ўринга муносиб деб топилди.
Тадбир сўнггида ғолиб ва совриндор жамоалар, шунингдек, фаол иштирокчилар муносиб тақдирланди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари