Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги арафасида Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳар спорт мактаби академик эшкак эшиш йўналиши спортчилари замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Спорт вазирлиги ва Rowing Canoe федерацияси ташаббуси билан мактабга 3 та икки кишилик, 2 та якка, 2 та тўрт кишилик ва 1 та саккиз кишилик қайиқ, шунингдек, 30 жуфт ва 10 та тоқ эшкак топширилди.
Топшириш маросимида шаҳар ҳокими Ниёз Ҳазратқулов, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари, мураббийлар ҳамда спортчилар иштирок этди. Мутахассислар таъкидлашича, ушбу анжомлар машғулотлар самарадорлигини ошириб, ёш спортчиларнинг халқаро майдонларда муносиб иштирокини таъминлайди.

Сўнгги йилларда Ширин шаҳрида академик эшкак эшиш жадал ривожланмоқда. Ёшлар орасида қизиқиш ортиб, иқтидорли спортчилар етишиб чиқмоқда. Мактаб раҳбарининг сўзларига кўра, жорий йилнинг ўзида улар республика чемпионати ва кубокларида жами 28 та медални қўлга киритишди — 12 та олтин, 10 та кумуш ва 6 та бронза. Бундан ташқари, 20 нафар ёш спортчи миллий терма жамоа асосий таркибига қабул қилинган, яна 5 нафари захирада.

Академик эшкак эшиш ташқи кўринишдан оддий туюлсада, у юқори техник маҳорат ва мукаммал инфратузилмани талаб қилади. Шу боис, замонавий қайиқ ва анжомлар спортчилар тайёргарлиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

– Бугун мактабимиз учун ўзига хос тарихий кун. Берилган замонавий қайиқ ва эшкаклар нафақат машғулотлар самарадорлигини оширади, балки ёшларимизнинг орзуларини рўёбга чиқаришда мустаҳкам замин яратади. Сув спорти катта сармоя ва меҳнат талаб қилади. Давлатимиз раҳбарияти ва федерациянинг бундай қўллаб-қувватлови бизга куч ва шижоат бағишлайди. Ишончимиз комилки, ушбу анжомлар ёрдамида спортчиларимиз янада кўпроқ медалларни қўлга киритади, Сирдарё номини халқаро мусобақаларда баланд янграшига замин ҳозирлайди, – дейди спорт мактаби директори Зафар Тўхтаров.
Мазкур мактаб тарбиячилари орасида дунёнинг йирик мусобақаларида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган спортчилар бор. Хусусан, “Рио–2016” ва “Токио–2020” Олимпиадаларида қатнашган Шаҳбоз Холмирзаев ҳамда “Париж–2024” Олимпиадаси иштирокчиси Анна Пракатент айнан шу ерда спорт сирларини ўрганган.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири