Ёш чавандозлар сараланди
Пойтахтимиздаги “Марказий ипподром”да кичик ўсмирлар, ўсмирлар ва ёшлар ўртасида от спортининг учкураш йўналиши бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.
Уч кун давом этган мусобақада мамлакатимизнинг иқтидорли ёш чавандозлари ғолиблик учун баҳс олиб борди. Учкураш от спортининг энг мураккаб йўналишларидан бири саналади. У от йўрттириш, кросс ҳамда тўсиқлардан сакраш — конкур дастурларини ўз ичига олади.
Беллашувлар давомида иштирокчилар нафақат техник маҳорати, балки чидамлилиги ва юқори тайёргарлик даражасини ҳам намоён этди.

Мусобақа якунларига кўра, SSI-2*A йўналишида Абдулазиз Толибжонов, SSI-2*B дастурида Беҳруз Мирхайдаров, SSI-1* Intro A баҳсларида Медина Абдураҳманова, SSI-1* Intro B бўйича Алиса Садикова, Derbi-C таснифида Муҳаммадюсуф Йўлдашев олтин медални қўлга киритди.
Мазкур чемпионат ёш чавандозларимизнинг тажрибасини янада ошириш, миллий терма жамоа учун истиқболли спортчиларни саралаб олиш мақсадида ташкил этилди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА