Ёш авлод саломатлиги устувор вазифа
Мамлакатимизда ёш авлоднинг саломатлигига давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири сифатида қараб келинмоқда.
Аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилиш масалалари минтақанинг экологик муаммолари оқибатлари билан чамбарчас боғлиқ бўлган Оролбўйида бу иш алоҳида аҳамият касб этади. Замонавий тиббий инфратузилмани ривожлантириш, илғор технологияларни жорий этиш ва болаларга ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатиш имкониятларини ошириш соғлиқни сақлаш тизимининг энг муҳим вазифалари ҳисобланади.
Қорақалпоғистонда Болалар миллий тиббиёт марказининг Оролбўйи клиникаси негизида Болалар касалликлари бўйича Оролбўйи тиббиёт маркази ташкил этилгани бу борадаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Бугунги кунда марказ минтақадаги кичик беморларга замонавий диагностика ва даволаш усулларини уларнинг яшаш жойига яқинлаштирган ҳолда сифатли юқори технологик ёрдам кўрсатишга қаратилган.
Клиника очилганидан буён янги тиббиёт муассасасига бўлган талаб ва самарадорликни яққол кўрсатувчи кўрсаткичларга эришди. Йил бошидан буён клиникада тиббиётнинг турли йўналишлари бўйича турли мураккабликдаги 1000 дан ортиқ жарроҳлик амалиёти ўтказилди.
[gallery-29869]
Айниқса, мутахассисларнинг юқори малакаси ва замонавий ускуналарни талаб қиладиган юқори технологик жарроҳлик амалиётлари муҳим аҳамиятга эга. Шундай қилиб, клиникада 67 та очиқ юрак жарроҳлик амалиёти ва онкогематологик йўналиши бўйича 6 та жарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилди. Яқин-яқингача бундай тиббий ёрдам олиш учун кўплаб оилалар вилоят ташқарисидаги ихтисослаштирилган тиббиёт марказларига мурожаат қилишга мажбур эди.
Ҳозирда, Оролбўйи клиникасини тиббиёт фанлари доктори Феруз Ҳомидов бошқармоқда. У Бухоро давлат тиббиёт институтини, сўнгра Тошкент тиббиёт академияси магистратурасини тамомлаган. Корея Республикасининг Чоннам Миллий университети докторантурасида ўқишни давом эттирди. Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида таҳсил олди.
Меҳнат фаолиятини 1-сонли Республика клиник шифохонаси жарроҳи сифатида бошлаган. Кейинги йилларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмаларида фаолият юритиб, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам, давлат-хусусий шериклик, фан ва таълимни ривожлантириш масалалари билан шуғулланган.
Тўпланган тажриба унга янги тиббиёт муассасасининг шаклланишига сезиларли ҳисса қўшиш имконини берди. Унинг раҳбарлигида клиникада замонавий диагностика ва даволаш усуллари изчил жорий этилмоқда, юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятлари кенгаймоқда, тиббиёт ходимлари ишини ташкил этиш такомиллаштирилмоқда. Рақамли технологияларни жорий этиш, телемедицинани ривожлантириш, диагностика ва даволаш жараёнида сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Бугунги кунда Оролбўйи клиникаси жамоаси олдида улкан вазифалар турибди. Болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш, тиббий хизмат кўрсатишнинг халқаро стандартларини жорий этиш, илмий ва амалий кадрлар тайёрлаш шулар жумласидан. Албатта, инновацион технологияларни қўллашни кенгайтириш ва муассасанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, – дейди Феруз Ҳамидов.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.