Ёш агрономлар тажриба алмашди
Бугун аграр соҳада назарий билимнинг ўзи етарли эмас. Замонавий техника ва технологияларни амалиётда қўллай оладиган, ер ва экин билан ишлаш сирларини бевосита дала шароитида ўзлаштирган мутахассисгина юқори натижага эришади. Аграр соҳада ишнинг кўзини биладиган, замонавий ёндашувларни амалиётга татбиқ эта оладиган малакали кадрларга талаб юқори.
Шу нуқтаи назардан, ёшларнинг таълим жараёнида олган билимларини ишлаб чиқариш билан уйғунлаштириши муҳим. Оқолтин туманидаги «Бобур қишлоқ хўжалиги» кластерида Тошкент давлат аграр университети талабаларининг «Янги агроном» дастури доирасидаги амалий машғулотлари ҳам шу мақсадга қаратилган.

Дуал таълим асосида ташкил этилган машғулотларда талабалар назарий билимларини дала шароитида синаб кўрмоқда. Улар экинларни парваришлаш, агротехник тадбирларни ташкил этиш, замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиш жараёнларида бевосита иштирок этиб, ўз тажрибаларини бойитишмоқда.

Туман ҳокими Ҳуснитдин Сувонов амалий машғулотлар жараёни билан далада танишиб, талабалар билан мулоқот қилди. Ёшларнинг аграр соҳага қизиқиши, амалий билим ва кўникмалари билан танишиб, уларнинг фикр ва таклифларини тинглади.

Мулоқотда таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ёшларни замонавий агротехнологияларга ўргатиш ва соҳада ўз ўрнини топа оладиган кадрларни тайёрлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Далада олинган тажриба аудиториядаги билимни бойитади. Бугун ер билан ишлаб, унинг ҳолатини ўрганаётган, замонавий техника имкониятларини ўзлаштираётган талаба эртага аграр соҳада зарур амалий тажрибага эга мутахассис бўлиб етишади.

Тадбирда Тошкент давлат аграр университети ректори Нарзулло Обломуродов ҳамда «Бобур қишлоқ хўжалиги» кластери раҳбари Шавкат Муқимовлар ҳам иштирок этишди.

— Аграр соҳада яхши натижага эришиш учун назарий билим билан бир қаторда амалий тажриба ҳам зарур. Бугун кластерда дуал таълим асосида тажриба орттираётган талабалар ер билан ишлаш, замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш жараёнларини бевосита амалиётда ўрганмоқда. Бу уларнинг келгусида малакали агроном бўлиб етишишида катта аҳамиятга эга.

Ёш мутахассислар ишлаб чиқариш жараёнини қанча эрта ва чуқурроқ ўзлаштирса, соҳадаги муаммоларга ечим топиш, замонавий ёндашувларни қўллаш ва самарали натижага эришиш имконияти шунча кенгаяди. Шу боис таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш зарур, — деди туман ҳокими Ҳуснитдин Сувонов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири