Кармана туманидаги Маданият марказида вилоятдаги тижорат банклари томонидан маҳаллаларга бириктирилган ёрдамчи-агентлар учун ўқув-семинар ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Марказий банк Навоий вилояти бош бошқармаси масъуллари, тижорат банклари раҳбарларининг тегишли ўринбосарлари, вилоятдаги барча маҳаллаларга бириктирилган ёрдамчи-агентлар иштирок этди.
Интерфаол усулда ўтказилган ўқув-семинарда иштирокчиларга молиявий саводхонлик билан боғлиқ мавзуларда, жумладан, банк карталарининг афзалликлари, банк картасини очиш тартиби, рақамли молиявий фирибгарлик турлари, зарарланган илова, омонат очиш тартиби, мобил илова орқали онлайн кредит олиш кетма-кетлиги, кредит тарихи ва турлари, кредитни қайтариш усуллари, мобил банкинг бўйича батафсил тушунчалар берилди.
[gallery-21866]
– Бугун маҳаллага бириктирилган ёрдамчи-агентлар, аввало, аҳолини меҳнат қилишга ўргатиши, маҳалладаги камбағал оилаларни қисқартиришга кўмаклашиши, бизнесга жалб этишга ёрдамлашиши керак, – дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий банки масъул ходими Лобар Қосимова. – Энг муҳими, ёрдамчи-агентлар биринчи навбатда ўзи мустаҳкам молиявий билимга эга бўлиши лозим. Шундагина улар ўз маҳалласида аҳолининг молиявий саводхонлигини оширишга ва уларни бизнесга йўналтиришга эриша олади.
Таъкидлаш ўринлики, маҳаллага ёрдамчи-агентларни танлаб олишда уларнинг шахсий сифатлари, хусусан, лидерлик қобилиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, улар маҳалланинг фаол вакили бўлиши, аҳолини яхши танийдиган, улар орасида ҳурматга эга, сўзамол, уддабурон, ҳалоллик каби сифатлари билан бошқалардан ажралиб туриши ҳам назарда тутиляпти. Энг муҳими, бугун маҳалла банкирлари ва ёрдамчи-агентлар орқали банк хизматлари аҳолига янада яқинлашмоқда.
Семинар якунида ёрдамчи-агентлар таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдириб ўзларини қизиқтирган барча саволларга масъуллардан батафсил жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари