Ёнилғи қуйиш шохобчаларида хавфсизлик назорати кучайтирилади
Ўзбекистонда автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш объектларида хавфсизликни таъминлаш, авария ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича янги чора-тадбирлар белгиланди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 июндаги 315-сон қарорида ўз аксини топган.
Маълум қилинишича, республика бўйича суюлтирилган ва сиқилган газ ҳамда нефть маҳсулотларини сотувчи 6196 та объект хатловдан ўтказилган. Текширувлар давомида жами 46 минг 737 та қоидабузарлик ва камчилик аниқланган.
Уларнинг 2 минг 218 таси қурилиш, 7 минг 949 таси ёнғин хавфсизлиги, 25 минг 341 таси саноат ва техника хавфсизлиги, 3 минг 354 таси экология талаблари, 7 минг 875 таси эса технологик жараёнларга риоя этилмагани билан боғлиқ экани қайд этилган.
Хатлов жараёнида 7 мингдан ортиқ камчилик жойида бартараф этилган бўлса, 464 та ёнилғи қуйиш шохобчаси фаолияти вақтинча тўхтатилган.
Қарор билан ёнилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш объектлари учун ёнғин, саноат ва экологик хавфсизликка доир минимал талаблар тасдиқланди. Эндиликда объектларда лицензиялар, техник паспортлар, соз ҳолатдаги ёнғин ўчириш воситалари, қиёсловдан ўтказилган ўлчаш асбоблари ҳамда малакали муҳандис-техник ходимлар мавжуд бўлиши шарт.
Шунингдек, табиий газ сотувини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган «U-Gas» тизимини жорий этиш ишлари давом эттирилади. Мазкур тизим орқали газ тўлдириш станцияларидаги ҳисоб-китобларни онлайн тарзда кузатиш имконияти яратилади.
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб хизмат муддати ўтган ёки ишлаб чиқарилган санаси аниқланмаган босим остида ишловчи ускуналардан фойдаланиш чекланади. Шунингдек, автомобилларга ўрнатилган газ баллонларининг техник ҳолати ҳам рақамли платформалар орқали назорат қилинади.
Ҳукумат хавфсизлик талаблари бузилган ҳолда жойлашган ва аҳоли ҳаётига хавф туғдираётган ёнилғи қуйиш шохобчалари ҳамда газ тўлдириш объектларининг махсус реестрини шакллантиришни режалаштирмоқда. Бундай объектлар босқичма-босқич хавфсиз ҳудудларга кўчирилади.
Мазкур чоралар сўнгги йилларда содир бўлган фожиали ҳодисалардан тегишли хулоса чиқариш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва соҳадаги назоратни кучайтиришга қаратилган.
Ш.Маматуропова, ЎзА