Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилади
Мамлакатимизда ёнғинларнинг олдини олиш ҳамда ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги давлат назоратини такомиллаштириш борасида кенг кўламли чоралар кўрилмоқда.
Бунда, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини ишончли ҳимоя қилишга алоҳида эътибор берилиб, бу борада яхлит ёнғин хавфсизлиги тизимини яратиш ишлари амалга оширилмоқда.

Ёнғинларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни кучайтириш билан бир қаторда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш зарурати ҳам мавжуд.
Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ёнғинларнинг олдини олиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокамаси жараёнида шу ҳақда гап борди.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилишини қайд этди.

“Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунга давлат ёнғин назорати органларининг ваколатлари аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар ва қўшимча киритилмоқда.
Қонуннинг 6-моддаси тўлдирилмоқда. Жумладан, Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ёнғинлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг ҳамда аҳолининг ҳаётига ва соғлиғига бошқача тарзда муқаррар хавф пайдо бўлишининг олди олиниши муносабати билан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қонунчиликда белгиланган тартибда тўхтатиб туриш ваколати берилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун ёнғинларнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун ҳуқуқий таъсир чоралари янада самарали қўлланилишини таъминлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА