Андижонда жорий йилнинг 15 ноябридан 15 декабрига қадар мамлакатимизда бўлиб ўтадиган “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” муносабати билан “Ёнғин хавфсизлиги карвони” тадбири ўтказилди.
Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ташаббуси билан тадбир доирасида Андижон шаҳрининг марказий кўчалари бўйлаб “Ёнғин хавфсизлиги автокарвони”, яъни махсус техника воситалари ва автомашиналар ҳаракати ташкил этилди.
– Бундан кўзланган асосий мақсад, юртдошларимизни огоҳликка чақириш, – дейди Андижон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, полковник Ботиржон Ашуров. – Шу билан бирга, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш, ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олиш борасидаги тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш, ойликни уюшқоқлик билан ўтказишга қаратилган.
[gallery-20369]
Маълумки, ҳар йили совуқ кунлар бошланиши билан вилоятда ёнғинлар, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг келиб чиқиши кўпаяди. Бунинг натижасида катта миқдорда моддий зарар кўрилади, фуқаролар куйиб азият чекади, ҳатто, ҳаётдан бевақт кўз юмуш ҳолатлари ҳам кузатилади.
Ёнғинлар билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисалар келиб чиқишининг олдини олишда нафақат соҳа ходимлари, балки юртдошларимиз масъулиятини, огоҳлигини ошириш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Шу маънода махсус техникалар карвони аҳоли гавжум бўладиган ўнлаб кўчаларда юриб, овоз кучайтиргичлар орқали аҳолини огоҳликка, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилишга чақирди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари