![](https://cdn.uza.uz/2021/04/21/12/16/CA8Ld5JY6UwaUXLCfvNYjHxrb0KNqbVC_normal.jpg)
Ҳар бир ҳудуднинг қиёфасига кўрк бағишловчи жиҳат ўша гўшанинг йўллари ҳисобланади. Кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча жойларида ободончилик, бунёдкорлик ишлари билан бир қаторда йўллар қуриш, мавжуд йўлларни таъмирлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кўплаб йўллар жорий ва капитал таъмирланиб, янги-янги йўллар барпо этилмоқда.
Айниқса, автомобиль йўлларининг соз ва белгиланган талаблар асосида бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Автомобиль йўлларида қонунга хилоф равишда қазиш, қурилиш ишларини бажариш, ҳар хил турдаги белгилар, рекламалар ўрнатиш ман этилганига қарамай айрим ҳудудларда бу каби ишларнинг амалга оширилаётгани ташвишлидир.
Андижон вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси мутахассислари томонидан автомобиль йўллари созлигини назорат қилиш бўйича ташкил этилаётган рейдлар орқали ана шундай салбий ҳолатларнинг олди олинмоқда.
Ўтказилган рейдларда Марҳамат тумани ҳудудидаги «Шаҳрихон – Асака – Марҳамат – Қизилқия» йўлининг 39-42 км, шунингдек, «Марғилон – Қува – Марҳамат – Аравон» йўлининг 59-60 км қисмларида ва «Бозорбоши – Марҳамат» йўлининг 2-6 км қисмида канализация ўрнатиш мақсадида «Андижон вилоят сув оқова сув тармоқлари қуриш бўйича инжиниринг компанияси» ДУК ва «Мустафо савдо қурилиш» масъулияти чекланган жамияти томонидан йўллар қазилиб, носоз ҳолатга келтирилганлиги аниқланди.
![](https://cdn.uza.uz/2021/04/21/12/16/3gCNaTXnn4m8y9PLrjNzYH7ZWBQAZ0rX_front.jpg)
Андижон автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси томонидан ушбу ҳолатлар ўрганилиб, қурилиш ишларини олиб борган ташкилотлар раҳбар, ишчи-ходимлари ўртасида тушунтиришлар ўтказилди. Ноқонуний қазиш ишлари бўйича тегишли тартибда далолатномалар тузилиб, бундай ҳолатларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА