Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан шу йилнинг апрель ойи бошида ўтказилган йиғилишда қуйидагилар алоҳида таъкидланди: “Сайёҳлар Хоразм, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарёдан ўтган магистрал ва ички йўллар аҳволидан норозилиги қайд этилди.”
Яқинда Қозоғистондан келган ижодкор дўстимиз билан биргаликда Ватанимизнинг жанубий вилоятларини саёҳат қилиш учун йўлга чиққанимизда юқоридаги нуқсонлар тузатилиши ҳамон кечикаётганлигининг гувоҳи бўлдик..
Аслини олганда Жиззах ва Самарқанддан ўтаётганимизда унинг қувончи чексиз эди.
Аммо Қашқадарёнинг Деҳқонобод тумани марказига борганимизда негадир меҳмоннинг кайфияти бузилди.
–Бирор нарсадан хафа бўлдингизми?-деб сўрадим ҳайрон бўлиб.
–Мана бу йўлларни қаранг.Ўйдим-чуқур, яқин йилларда таъмирланмаганга ўхшайди,–деди у қовоғи осилиб.
–Энди тузатишса керак,–дедим уни овутиш учун.
Бунинг устига таксичи ҳам зорланиб қолди.
–Неча йиллардан бери аҳвол шу. Сурхондарёга боришимиз учун Деҳқонобод туманининг эски маркази, айрим қишлоқлари ҳамда Қорашина қўрғонидан ўтишимизга тўғри келади. Йўловчилар ҳам, ҳайдовчилар ҳам доимо хуноб бўлишаётир. Чунки, йўллар нотекислиги сабабли машинамизни тез-тез устага кўрсатишимизга мажбур бўляпмиз. Эҳтиёт қисмлар эса арзон эмас. ”Нексия”мизни ҳар бир таъмирлашга қарийб миллион сўм сарфла-ётганимиз дард устига чипқон бўлмоқда. Агар кўчалар тезроқ тузатилиб, янгидан асфальтланса, бундай ортиқча харажатларга ҳожат қолмас эди.
Қашқадарё ортда қолди. Сурхондарёга кираверишда теп-текис равон йўллар бошланди.
Бироқ Шеробод туманидаги собиқ Улуш Туропов ҳамда Нуриддин Муродов номли хўжаликлар ҳудудидан ўтаётганимизда яна чет элликнинг фиғони фалакка чиқди.
–Бу ердаям йўлларни таъмирлашга эътибор берилмас экан, –деди куйиниб. –Одамлар аҳвол ночорлигидан шикоят қилишмайдими?
Тўғри, яқинда бузуқ йўлларнинг бир қисмини созлашга киришилган экан. Аммо бу иш негадир секинлик билан амалга оширилмоқда.
Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари автомобиль йўллари бошқармалари раҳбарлари бундай ачинарли аҳволни қачон тузатишар экан?
Жовли Хушбоқов, ЎзА мухбири