Йўл хавфсизлиги депутатлар назоратида
Йўллардаги ҳар бир ҳалокат — бир оиланинг дарди, ҳар бир олди олинган фожиа эса сақлаб қолинган инсон ҳаётидир. Шу боис йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бугун нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки депутатлик корпуси ва жамоатчиликнинг ҳам устувор вазифасига айланмоқда.
O‘zLiDeP нинг «Халқ билан бирга» умуммиллий дастури доирасида Сирдарё вилоятида ўтказилган жамоатчилик эшитувида йўл ҳаракати хавфсизлиги, кадастр соҳасидаги муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари атрофлича муҳокама қилиниб, аҳоли манфаатларига қаратилган муҳим таклифлар илгари сурилди.
Жамоатчилик эшитувида сенатор, O‘zLiDeP Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Покиза Аҳмеджанова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гавҳар Олимова, партия вилоят Кенгаши аппарат раҳбари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Шоҳиста Бозорбоева, шунингдек, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари ҳамда масъул идоралар раҳбарлари иштирок этдилар.

Йиғилишда Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг 2026 йил биринчи ярим йиллигида амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботи эшитилди.
Таъкидланганидек, амалга оширилган тизимли профилактик тадбирлар натижасида вилоятда умумий йўл-транспорт ҳодисалари 28,6 фоизга, тан жароҳати билан боғлиқ ҳодисалар эса 42,6 фоизга камайган. Шунингдек, йўл инфратузилмасини такомиллаштириш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш, транспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва давлат дастурлари ижроси бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.
Эшитувда Давлат кадастрлари палатаси Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, янги объектларни хатловдан ўтказиш ва аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш сифатини ошириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳам муҳокама қилинди.

Депутатлар соҳада учраётган айрим муаммолар юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб, масъулларга тегишли тавсиялар бердилар. Муҳокамалар давомида йўл ҳаракати хавфсизлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор амалий таклифлар илгари сурилди. Хусусан, М–39 «Тошкент–Термиз» ҳамда А–373а «Оҳангарон–Гулистон–Сардоба» автомобиль йўлларининг айрим участкаларида рухсат этилган ҳаракат тезлигини соатига 100 километрдан 80 километргача тушириш таклифи билдирилди.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бу каби чоралар йўл-транспорт ҳодисаларини камайтириш ва ҳаракат иштирокчилари хавфсизлигини янада таъминлашга хизмат қилади. Эшитув якунида билдирилган таклифларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан масъул ташкилотларга тегишли тавсиялар берилди. Шу билан бирга, кўтарилган масалаларнинг ижросини депутатлик назорати асосида мунтазам мониторинг қилиб боришга келишиб олинди.
Энг муҳими, «Халқ билан бирга» умуммиллий дастури доирасида ташкил этилган мазкур жамоатчилик эшитуви аҳолини қийнаётган муаммоларни жойида ўрганиш, мутасадди идоралар фаолиятининг очиқлиги ва масъулиятини ошириш, шунингдек, парламент ҳамда маҳаллий Кенгашлар томонидан амалга оширилаётган депутатлик назоратининг таъсирчанлигини янада оширишга замин яратади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири