Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида ташкил этилган матбуот анжуманида Автомобиль йўллари қўмитаси раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси, матбуот котиби Нилуфар Жумаева ЎзА мухбирининг шу мазмундаги саволига берган жавобида маълум қилди.
– Йўл транспорт ҳодисаси содир бўлганда экспертизага мурожаат қилиш лозим, – дейди Н.Жумаева. – Экспертиза ўрганиб чиққандан сўнг, хулоса беради. Унга кўра ,ҳақиқатдан ЙТҲ йўлнинг носозлиги туфайли содир этилган бўлса, зарар қоплаб берилади. Лекин ЙТҲ иштирокчилари кўпинча бундан қочади, боиси югур-югур, оворагарчилик бўлади, деб ҳисоблашади. Экспертизага беришмайди. Аслида бериш керак. Бизда бу амалиёт бор. Экспертиза хулосасига кўра, қайси ташкилот айбдор бўлса, ўша қоплаб бериши шарт.
“Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш бўйича тизимда олиб борилаётган ишлар ва келгусида белгилаб олинган муҳим истиқболли режалар” мавзусига бағишланган матбуот анжуманида асосан автомобил йўлларининг таснифланиши, мамлакатимиз раҳбарининг “Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида вилоятда қилинаётган ишлар, йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш бўйича тизимда олиб борилаётган жараёнлар ва келгусидаги режалар хусусида маълумот берилди.
Очиқ мулоқот тарзида кечган матбуот анжуманида мутахассислар 2024 йил давомида амалга оширилиши белгиланган режаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.
Хусусан, 2024 йилда давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига асосан Қашқадарё вилоятида 1 минг 981 километр йўллар таъмирланади. Жумладан, 209,2 километр узунликдаги умумфойдаланув автомобиль йўллари ва 170,8 километр узунликдаги шаҳарларнинг кўчалари ҳамда ички йўллари таъмирланади. 1 601 километр узунликдаги тупроқ йўллар тўлиқ шағал қилинади. 32 та кўприк (умумфойдаланув йўлларида – 17 та, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларида – 15 та) реконструкция қилинади.
Президентимизнинг 2023 йил 25 декабрдаги “2024-2026 йилларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарори бўйича 75,9 миллиард сўмлик реконструкция ишлари бажарилади ва 9 километр йўл фойдаланишга топширилади.
Бундан ташқари, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан Деҳқонобод тумани ҳудудидан ўтувчи М39 “Алмата – Бишкек – Тошкент – Термиз” автомобиль йўлининг (1255-1315 км) 60 километр қисмини реконструкция қилиш ва Қарши – Самарқанд йўналишидаги 4Р87 “А378 а/йўли – Қарши шаҳри” автомобиль йўлида (0-49 км) 49 километр пуллик йўл қуриш ишлари бошланади.
Шунингдек 2024-2025 йиллар давомида Қарши шаҳрини Қарши, Касби ва Миришкор туманлари билан боғловчи 4Р92 “Қарши-Таллиқурғон-Касби-Жейнов-Помуқ” автомобиль йўлининг 3-41-километрларини таъмирлаш (95 миллиард сўм), Қамаши тумани марказидаги 4К340 “Қамаши - Чимқўрғон” автомобиль йўлининг 0-15 километрларини таъмирлаш (20 миллиард сўм), Қарши шаҳридаги 6 та марказий кўчаларда таъмирлаш (105 миллиард сўм) ишлари амалга оширилади.
Хитойлик инвесторларни жалб қилган ҳолда Чироқчи тумани ҳудудидаги 4К342 “А378 а/йўли – Уйшун – Чироқчи” (30 км) автомобиль йўлини таъмирлаш ва Қарши шаҳри Мустақиллик кўчасидаги йўл ўтказгични реконструкция қилиш ишлари бошланади.
2024 йилда вилоятда фаолият юритаётган асфальтбетон қоришмаси ишлаб чиқарувчи заводлар томонидан жами 403 минг тонна асфальтбетон, шунингдек, бош бошқарма таркибидаги корхоналар томонидан 37,6 минг тонна қум ва 48,5 минг тонна чақилган тош маҳсулоти ҳамда қум-шағал каръерларидан 89 минг тонна қум-шағал аралашмаси ишлаб чиқариш режалаштирилган. Ҳозир режадаги ушбу топшириқларни ўз вақтида амалга ошириш мақсадида йўл ишлари босқичма-босқич жадаллик билан олиб борилмоқда.
[gallery-16161]
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбири