Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов Ислом тараққиёт банки миссияси раҳбари Эмре Эсер ва миссия аъзолари билан учрашди. Жамшид Турсунов Ислом тараққиёт банки мутасаддиларига 4Р40 “Даштобод—Зомин—Бахмал—Ғаллаорол автомобиль йўлининг 24—182 (158 км) қисмини реконструкция қилиш” лойиҳасини молиялаштиришга розилик бергани учун миннатдорлик билдирди.
Қайд этиш лозимки, Ислом тараққиёт банки билан биргаликда М39 “Алмати—Бишкек—Тошкент—Термиз” автомобиль йўлининг 121 км қисмида тўрт тасмали асфальт-бетон қопламага ўтказиш билан реконструкция қилиш ишлари муваффақиятли якунланди. Жорий йилда М39 автомобиль йўлининг Қашқадарё вилояти қисмида 60 км узунликдаги автомобиль йўлини реконструкция қилиш ишлари бошланади.
Мулоқот жараёнида Жамшид Турсунов Ислом тараққиёт банкига 7 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш бўйича таклиф билдирди. Ислом тараққиёт банкига таклиф этилаётган 7 та истиқболли лойиҳа бўйича маълумотлар тақдим этилди. Учрашув мобайнида ҳар икки томон узоқ муддатли ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА