Йўл қурилишида инновация: асфальт остига геоячейка тизими жойлаштирилмоқда
Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши, оғир юк транспорти оқими тезлашиши ва йўлга тушаётган юклама ортиши транспорт инфратузилмасига янги талаблар қўймоқда. Шу боис дунё бўйлаб автомобиль йўлларининг мустаҳкамлиги, хавфсизлиги ва хизмат муддатини оширишга қаратилган инновацион муҳандислик ечимларига эҳтиёж тобора кучаймоқда. Асфальт қопламаси остига асалари уяси шаклидаги геоячейка (geocell) тизимини жойлаштириш ана шундай янги усуллардан биридир.
Геоячейка жуда мустаҳкам полимер материалдан тайёрланган уч ўлчамли қурилма бўлиб, ташқи кўриниши асалари уясини эслатади. Ишланма йўл асосига ётқизилиб, ичи майдаланган тош ёки бошқа гранулали модда билан тўлдирилади. Зичлаштириш иши якунлангач, устига асфальт қопламаси ётқизилади.
Мазкур технология транспорт воситалари оғирлигини бир нуқтага эмас, балки кенгроқ майдон бўйлаб тақсимлайди. Натижада грунт силжиши, йўл таги чўкиши юзага келиши, ёриқ пайдо бўлиши ва ғилдирак изи ҳосил бўлишининг олди олинади. Йўл қопламасининг барқарорлиги ошади, ишлаш даври узаяди.
Мутахассислар фикрича, ушбу тизим замини юмшоқ ёки нам ҳудудлар, шунингдек оғир юк транспорти мунтазам ҳаракатланадиган автомагистраллар, саноат зоналари ва логистика марказлари учун айниқса самарали ечим сифатида йўлни сақлаш ва таъмирлаш билан боғлиқ харажатни камайтириш имконини беради.
Янги услуб экологик жиҳатдан ҳам афзал: цемент, битум ва бошқа материалларни ишлаб чиқариш ҳамда ташиш жараёнида атмосферага кам углерод (CO₂) чиқаради. Йўл узоқ муддат хизмат қилишини таъминлаб, ортиқча қурилиш материалларига эҳтиёжни камайтиради. Шу тариқа табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш орқали экологик барқарорликка эришилади.
Бугунги кунда технология АҚШ, Канада, Ҳиндистон, Германия, Австралия каби ривожланган давлатларда авто ва темир йўл, аэродром, саноат майдони, логистика маркази ва ён-бағирни мустаҳкамлаш лойиҳаларида кенг қўлланмоқда. Айниқса, ушбу технологиянинг оғир юк транспорти кўп ҳаракатланадиган йўналишлардаги иқтисодий, техник самарадорлиги амалда исботланган.
Маълумки, ҳозир иқлим ўзгариши шароитида транспорт инфратузилмаси чидамлилигини таъминлаш ва қурилиш жараёнига ресурс тежовчи технология жорий этиш долзарб вазифага айланган. Шу нуқтаи назардан геоячейка тизими замонавий йўл қурилишида муҳандислик, иқтисодий самарадорлик ва экологик барқарорликни уйғунлаштирган истиқболли технология сифатида эътироф этилмоқда.
Нодира Кайимова, ЎзА