Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда "Ўзйўлинспекция" ахборот хизмати раҳбари Комилжон Шамсиддинов маълум қилди.
“Ўзйўлинспекция” томонидан жорий йилнинг январь-апрель ойлари давомида – йўл қурилиши объектлари ҳамда йўл-қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини ишлаб чиқаришда техник жиҳатдан тартибга солишга оид норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилиш йўналишида 1 минг 878 та объектда назорат ишлари ўтказилган.
Бунинг натижасида, 3 минг 143 та қоида бузилиш ҳолатлари аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича буюртмачи, пудратчи, лойиҳачи ва йўлларни сақловчи ташкилотларнинг масъул ходимларига 1 минг 941 та бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.
Бугунги кунда ижро муддати келган 1 минг 255 та кўрсатмадаги 2013 та қоида бузилишлар бартараф этилди. Бажариш муддати келмаган 686 та кўрсатмадаги 1130 та қоида бузилишларнинг ижроси ҳудудий давлат инспекторларининг қатъий назорати остига олинган.
Яна бир маълумот, назорат қилиш ишлари натижасида 61 та ҳолат бўйича умумий суммаси қарийб 1 млрд. 339 млн. сўмлик сифатсиз бажарилган қурилиш-монтаж ишлар ҳажмини тўловдан чиқариш бўйича буюртмачиларга талабномалар киритилди. Улардан айрим мисоллар келтирамиз. Масалан, Сирдарё вилоятида Сардоба тумани ҳудудидан ўтувчи 4Р199 автомобиль йўлининг 0-37 километрлари оралиғида ўтказилган жорий таъмирлаш натижасида – 129,3 млн. сўмлик, Самарқанд вилояти Нуробод тумани “Сепки” қишлоғидаги 53-мактабга олиб борувчи ички йўлни таъмирлашда – 112,9 млн. сўмлик, Бухоро вилоятидаги Вобкент ва Ромитан туманлари ҳудудидан ўтган 4Н155 автомобиль йўлининг 8,5-11 километрлари оралиғидаги жорий таъмирлаш натижасида – 47,2 млн. сўмлик ишлар сифатсиз бажарилгани, талабга мутлақо жавоб бермагани учун ҳисобдан чиқарилди, яъни пули тўлаб берилмайди.
Бугунги кунда 35 та ҳолатдаги 406,33 млн. сўм миқдорида бўлган сифатсиз бажарилган ишлар бартараф этилишига эришилди, қолган 26 та ҳолатдаги 932,48 млн. сўмлик сифатсиз ишларнинг тақдири – ҳудудий давлат инспекторларининг назорати остига олинган.
Бундан ташқари, қўпол равишдаги қоида бузилишларга йўл қўйилган 72 та ҳолат бўйича пудратчи ташкилотларнинг мансабдор шахсларига нисбатан тегишли чоралар қўллаш бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 99- ва 147-моддалари асосида маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Шаҳарсозлик соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларини қўпол равишда бузаётган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида 10 та ҳолат бўйича юқори турувчи органларга тақдимнома киритилди.
Йўл қурилиши объектларида бажарилган қурилиш-монтаж ишлари ва ишлатилган йўл-қурилиш материаллари сифатини – лаборатория синовидан ўтказиш бўйича, 7 та объектдан олинган 275 та синов намуналари асосида 1052 та лаборатория синовлари ўтказилди ва 1 та объектдаги номувофиқлар юзасидан ҳуқуқ-тартибот органларига маълумот киритилди.
Йўл қурилиш объектларига жалб қилинган синов лабораториялари фаолиятининг мониторингини таъминлаш бўйича 4 та лаборатория ташкилоти томонидан расмийлаштирилган – 87 та баённоманинг меъёрий ҳужжатлар талабларига нечоғли мослиги ўрганилди. Натижада 1 та лаборатория ташкилотининг 3 та синов баённомасида аниқланган номувофиқликлар юзасидан “Ўзбекистон аккредитация маркази”га маълумотнома киритилди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА