373 нафар фуқаро мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида 1 минг 449 маротаба йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун қўлланилган 600 млн. сўмлик маъмурий жарималарни тўлади.
Мажбурий ижро бюроси Қашқадарё вилоят бошқармаси органлари томонидан йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмагани учун қўлланилган маъмурий жарималарни тўламасдан келаётган қарздорларга нисбатан ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ижро ҳаракатлари давомида ИИБ ЙҲХБ билан ҳамкорликда олиб борилган тадбирда ўтган 20 кун давомида 373 та автотранспорт воситаси ушланиб, жарима майдончасига жойлаштирилган. Маълум бўлишича, мазкур автотранспорт воситалари эгаларига нисбатан қўлланилган 1 минг 449 та жарима шу кунга қадар тўланмасдан келган.
Аниқланишича, қарздорларнинг аксарияти 10 дан ортиқ маротаба қоидабузарлик содир этган. Жумладан, яккабоғлик Б.С. “Spark” русумли автотранспорт воситаси билан 32 маротаба, қамашилик М.Д. “Cobalt” билан 26 маротаба, китоблик С.З. “Spark” билан 20 маротаба қоидабузарлик содир этган.
Қарздорларнинг автотранспорт воситалари хатлангандан сўнг, мавжуд 600 млн. сўм қарздорлик тўлиқ бартараф этилгач, машиналар эгаларига қайтарилган.
Маъмурий жарималарни ундириш юзасидан ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
М.Қосимова, ЎзА