Жорий йилнинг 4 ойида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари ҳар 100 минг аҳолига Фарғона вилоятида 8,4 тага, Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида 8,2 тага, Қорақалпоғистонда 6,4 тага, Самарқанд ва Наманган вилоятларида 5,8 тага етган.
Ўлимга олиб келган йўл-транспорт ҳодисаларининг салмоғи Самарқанд вилоятида 67, Тошкент вилоятида 58, Қашқадарё вилоятида 55 ва Фарғона вилоятида 49 тани ташкил этиб, ҳамон юқорилигича қолмоқда.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан қонунбузарликлар юзасидан давлат органларига ёки бошқа ташкилотларга уларнинг мансабдор шахслари бажариши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ваколатидан етарли даражада фойдаланилмаяпти.
Айниқса, бу борада Фарғона, Навоий, Сирдарё вилоятларида самарадорлик пастлигича қолмоқда.

Бу кўрсаткичлар Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида келтирилди.
Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини таъминлаш ва ўлим ҳолатларини камайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, Транспорт, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари ҳамда Бош прокуратура масъул раҳбар ходимларининг ахборотлари эшитилди.
Қайд этилганидек, автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш мақсадида илғор хорижий тажриба асосида Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар такомиллаштирилган.
Давлатимиз раҳбарининг “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “2022 - 2026 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорлари асосида йўлларда хавфсизликни таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бу ишлар натижасида жорий йилнинг 4 ойида оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисалари ўтган йилга нисбатан 17,7 фоизга, болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари 10 фоизга, маст ҳолда йўл-транспорт ҳодисаларини содир этиш ҳолатлари 33,3 фоизга камайишига эришилган.
Шу билан бирга, қайд этилган йўналишда муайян камчиликлар, ўз ечимини кутаётган муаммолар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар ҳам мавжуд.
Хусусан, прокуратура органлари томонидан тегишли қонун ҳужжатлари ижросини ўрганиш жараёнида кўплаб қонунбузарликлар аниқланган. 2024 йил ва жорий йилнинг 4 ойи давомида аниқланган 2 минг 908 қонунбузарлик ҳолати юзасидан 177 тақдимнома, 1 минг 82 протест киритилган, 7 жиноят иши қўзғатилган.
Муҳокамадан сўнг қўмитанинг ушбу камчиликларни бартараф этишга қаратилган аниқ таклифлар акс этган қарори қабул қилинди. Жумладан, ўлимга олиб келган йўл-транспорт ҳодисаларининг салмоғи ортиб бораётган ҳудудларда вазиятни яхшилаш, йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиш ҳолатларини камайтириш мақсадида амалдаги давлат стандартларини халқаро талаблар асосида қайтадан кўриб чиқиш, ички назоратни кучайтирган ҳолда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳаси ходимлари томонидан йўл қўйилаётган қонунбузарликларнинг туб сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ чоралар кўриш каби вазифалар белгиланди.
Норгул Абдураимова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА