Ҳуқуқий муносабат
Маълумки, ЙПХ ходими транспорт воситасини тўхтатиш, ундан фойдаланиш ва бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни, транспорт воситасига, шунингдек, ташилаётган юкларга оид ҳужжатларни текшириш ҳуқуқига эга. Вазирлар Маҳкамасининг 975-сонли қарори билан тасдиқланган низомнинг 18-бандига асосан йўл ҳаракати қатнашчилари ЙПХ ходимлари билан ўзаро муносабатларда ҳам ҳуқуқлари белгиланган.
Бу борада Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Жавоҳир Эшонқулов батафсил тушунтириш берди.
–Вазирлар Маҳкамасининг 975-сонли қарорига кўра, фуқаролар ЙПХ ходими томонидан тўхтатиш асосларини, қоидаларнинг қайси банди (бандлари)ни бузгани тўғрисида тушунтириш берилишини талаб қилишлари мумкин.
Транспорт воситасини тўхтатган ЙПХ ходими аввало ўзини таништириши, хизмат гувоҳномасини кўрсатиши ва кўкрак нишон белгисини маълум қилиши талаб қилинади. Ҳайдовчилар хизматни мобил видеокамерасиз олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмасликка ҳаққи бор.
ЙПХ ходими билан ўзаро муносабатини ўзига тегишли аудио, фото ва видео қурилмага қайд қилиш (ЙПХ ходими томонидан фото ва видео тасвирга олиш тақиқланган белги мавжуд ҳудудларда хизмат олиб бориш ҳолатлари бундан мустасно).
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 975-сонли қарори билан тасдиқланган низомнинг 13-бандида назарда тутилган ҳоллардан ташқари транспорт воситаси кабинасидан чиқмасдан, ЙПХ ходими билан ўзаро муносабатга киришиш, содир этган қоидабузарлиги қайд этилган махсус мослама натижалари билан танишиш мумкин.
Шунингдек, ҳуқуқбузарлик ҳолатини аниқлашда фойдаланилган махсус воситаларнинг қиёслаш сертификатларини кўрсатишни талаб қилиш, ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан тушунтиришлар бериш, асоссиз тўхтатиб турилмаслигини талаб қилишлари мумкин.
Ҳайдовчилар ЙПХ ходими томонидан транспорт воситасини ёки ундаги юкни ташқи кўздан кечириш жараёнида иштирок этиш, эътирозлар мавжуд бўлса, ҳуқуқбузарлик тўғрисида маъмурий баённома расмийлаштирилгандан сўнг тегишли ЙҲХХ саф бўлими (бўлинмаси)га мурожаат этиб, ўзи тўхтатилган ҳудудда ЙПХ ходими хизмат олиб бориши мумкинлиги тўғрисидаги дислокация ҳақида ёзма маълумот беришни талаб қилиш ҳуқуқига ҳам эга.
Шу билан бирга, ўзига нисбатан расмийлаштирилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ҳужжатлари билан танишиш, улардан ўз ҳисобидан нусха кўчириш ёки уларни фотосуратга олиш, ЙПХ ходимининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги, расмийлаштирилган ҳуқуқбузарлик тўғрисида маъмурий баённома ҳамда чиқарилган қарор устидан юқори турувчи орган (мансабдор шахс)га ёки судга шикоят қилиш ҳамда ўзи гувоҳи бўлган ҳодиса ҳақида ЙПХ ходимига ҳаққоний маълумотни баён қилиши мумкин.
Йўл ҳаракати қатнашчилари қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Гулноза Бобоева,
ЎзА