Йодланган ош тузи ишлаб чиқариш ҳажми янада ортади
“Қўнғирот сода заводи” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг таннархини арзонлаштириш, унинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Корхонада ташкил этилган майдаланган ош тузи ишлаб чиқариш цехида ўрнатилган ускуналарнинг яроқсиз ҳолга келиб қолиши натижасида фаолияти тўхтатилган эди. Кўп йиллик танаффусдан сўнг корхона раҳбарларининг саъй- ҳаракатлари билан ишлаб чиқариш ускуналари мукаммал таъмирланиб, цех қайта ишга туширилди. 12 киши иш билан таъминланди.

Ҳозирда бу ерда ойига 850 тонна ош тузи ишлаб чиқарилмоқда. Бундан ташқари, мутахассислар томонидан қуритиш ускуналари ўрнатилмоқда. “Ўзбекгидрогеология” давлат унитар корхонаси билан ҳамкорликда техник содани ювиш ускуналарини ўрнатиш мақсадида қазиш ишлари олиб борилди. Жумладан, амалга оширилган ишлар доирасида 70 метр теранликда 219 мм диаметрдаги қувурларда сув чиқарувчи насослар ўрнатилди. Ош тузи учун зарур хомашё корхонадан 21 километр узоқлиқда жойлашган “Қараўимбет” туз конидан автомашиналарда етказиб берилади. Ушбу тузни қайта ишлаш орқали ойига 148 миллион сўмлик қўшимча маҳсулот ишлаб чиқарилади. Жорий йилда цех негизида қуввати йилига 20 минг тонна йодланган ош тузи ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Лойиҳанинг тахминий қиймати 200 минг АҚШ долларини ташкил этади. Унинг ишга тушиши билан йилига 8 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади ва 16 та янги иш ўрни яратилади.
Ўтган йил заводда олиб борилган капитал таъмирлаш ишлари натижасида магистрал газ тармоғида қувурлар тамирланди. Натижада табиий газнинг ўзидан ойига 140 миллион сўм маблағ иқтисод қилинмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА