Йирик лойиҳалар учун 30 миллион доллар инвестиция киритилади
Пойтахтимизда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ҳамда Хитой Халқ Республикасининг “Shandong Guantong Silkworm Eggs Co” компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Пойтахтимизда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ҳамда Хитой Халқ Республикасининг “Shandong Guantong Silkworm Eggs Co” компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.Тадбирда уюшма раиси Б.Шарипов ва бошқалар мамлакатимизда ипакчилик соҳасини ривожлантириш, жаҳон бозорида харидоргир, рақобатбардош тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва турини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу борада хорижий давлатлар, айниқса, Хитой Халқ Республикаси билан кенг кўламли ҳамкорлик йўлга қўйилаётганини таъкидлади.
Хитойнинг Шандун провинциясида фаолият юритадиган “Shandong Guantong Silkworm Eggs Co” компанияси дунёнинг кўп давлатларига ипак қурти уруғини экспорт қилади.
Меморандумга асосан, мазкур компания билан мамлакатимизда пиллачилик тармоғининг ипак қурти уруғи ишлаб чиқариш соҳасига инвестиция киритиш, ипак қурти ишлаб чиқариш ҳамда ипакчилик ва тутчилик йўналишларида ҳамкорликда иш юритиш учун қўшма корхоналар ташкил этиш, супер элита ипак қурти уруғларини ХХРдан юртимизга олиб киришда кўмаклашиш, янги сифатли зотларни яратишда ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган.
Тадбирда, шунингдек, “Shandong Guantong Silkworm Eggs Co” компанияси ва мамлакатимизнинг Тошкент, Андижон, Фарғона, Қашқадарё, Бухоро ва Хоразм вилоятларидаги ипакчилик корхоналари ўртасида келишув баённомаси тузилди.
Унга кўра, мазкур вилоятларда 2019-2021 йилларда ҳар бири 20 минг қутидан 150 минг қутигача ипак қурти уруғи ишлаб чиқариш қувватига эга қўшма корхоналар барпо этилади. Компания вакилининг айтишича, шу ва бошқа йирик лойиҳалар учун 30 миллион доллар инвестиция киритилиши режалаштирилган.
– Ўзаро келишувга кўра, Шаҳрисабз шаҳрида уруғчилик заводи барпо этилади, – дейди Қашқадарё вилояти “Radiant silk” қўшма корхонаси раҳбари Фарҳод Валиев. – Асосий мақсад четдан уруғ олиб келинишига чек қўйиш, уруғ импортини тўхтатиш, келажакда юртимизда ишлаб чиқарилган уруғларни экспорт қилишдир. Корхонада 100-150 доимий, 300-400 мавсумий иш ўрни яратилади.