Йилнинг энг яхши тарбиячилари аниқланди
Маърифий танловлар нима учун ўтказилади? Соҳада меҳнат қилаётган энг фаол, фидойи ва заҳматкаш мутахассисларни аниқлашдан ташқари, бундай танловлар ўзаро фикр ва тажриба алмашиш, энг яхши иш методикаларни оммалаштиришда катта аҳамият касб этади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан анъанавий тарзда ташкил этилаётган “Йил тарбиячиси” танлови айни эзгу мақсадларни кўзлаши билан диққатга сазовор.
Пойтахтимиздаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда “Йилнинг энг яхши тарбиячиси – 2026” республика танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Айтиш керакки, ушбу маърифий танловнинг энг муҳим жиҳати мактабгача таълим тизимида илғор тажрибаларни оммалаштириш ва тарбиячиларнинг касбий маҳоратини оширишдан иборат.
Танловнинг тизим ва педагоглар учун асосий фойдали жиҳатлари иқтидорли тарбиячиларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашда намоён бўлади. Иштирокчилар ўз устида ишлайди ва янги педагогик технологияларни ўзлаштиришга интилади.

Мазкур лойиҳа республика миқёсидаги энг яхши методикалар ва маҳорат дарслари билан танишиш имконини яратади. Педагогларнинг ижодий салоҳияти ва нотиқлик маҳорати юзага чиқади. Болалар билан ишлашда янги ва замонавий услубларни қўллаш боғчалардаги таълим-тарбия сифатини юқори босқичга кўтаради.
Танлов давомида яратилган энг яхши кўргазмали қуроллар ва лойиҳалар бошқа боғчалар фаолиятига ҳам татбиқ этилади. Бу эса жамиятда тарбиячилик касбининг обрўси ва мавқеини янада оширади.
Ғолибларни тақдирлашга бағишланган тантанали маросим юқори савия ва кўтаринки руҳда ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозахон Каримова ушбу танловда бу йил 19 минг нафардан ортиқ тарбиячи-педагог иштирок этганини таъкидлади.
Бугун юртимизда 39 мингга яқин мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритиб, уларнинг салмоқли қисмини нодавлат ва оилавий мактабгача таълим муассасалари ташкил этади. Айни пайтда соҳада 250 минг нафардан ортиқ педагог-тарбиячи меҳнат қилмоқда.

— Болаларга дастлабки билимларни беришда тарбиячиларнинг ҳиссаси беқиёс, — деди мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозахон Каримова. — Устозлар ҳеч қачон ўз ютуқлари билан мақтанмайди, улар шогирдлари ютуқларидан фахрланади. Шу маънода мамлакатимизда кўплаб ёш ва иқтидорли кадрлар етишиб чиқаётгани ушбу танлов орқали яна бир бор намоён бўлди.
Хабар қилинганидек, жорий йилнинг апрель–май ойларида танловнинг туман (шаҳар) ва ҳудудий босқичлари ўтказилди. Унда соҳа мутахассислари фаол иштирок этди.
Танловда давлат мактабгача таълим ташкилотлари мутахассислари “Энг намунали директор ўринбосари”, “Энг яхши ўйин орқали таълим берувчи тарбиячи”, “Энг яхши ижодкор-ихтирочи тарбиячи”, “Энг яхши эко-тарғиботчи тарбиячи”, “Рақамли ва инновацион ёндашувларни амалиётга жорий этувчи тарбиячи”, “Маънавий қадриятлар тарбиячиси” каби номинациялар бўйича маҳоратларини намойиш этди.
Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари эса “Ўйин орқали болаларни ривожлантирувчи ижодкор тарбиячи”, “Энг намунали тарбиячи” номинациялари бўйича ўз билим ва кўникмаларини кўрсатди.
— Болалар билан боладек муомала қиламан, — деди танлов ғолибларидан бири, Бухоро вилояти, Ғиждувон туманидаги 66-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Ойниса Обидова. — Боғчада мен ҳам болага айланаман. Машғулотларда уларни телефондан чалғитишга, миллий ҳамда мия ривожига оид ўйинларни уйғунлаштиришга ҳаракат қиламан.
Тантанали тадбирда танловнинг республика финал босқичининг 24 нафар ғолиб ва совриндори бир марталик пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Шунингдек, олий маълумотли ғолибларнинг малака тоифаси бир поғонага оширилади, олий маълумотга эга бўлмаган ғолиблар эса олий таълим муассасаларининг “Мактабгача таълим” йўналишига кириш имтиҳонларисиз ўқишга қабул қилиниши бўйича имтиёзга эга бўлади.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири