Йиллик шартномавий режа ошиғи билан бажарилди
Терим мавсумининг якунланиши арафасида Сирдарё вилоятининг Боёвут ва Гулистон туманлари пахтакорлари йиллик шартномавий режани тўлиқ бажардилар. Бу ютуқ — қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, фермер меҳнатига берилган эътибор ҳамда замонавий агротехнологияларни қўллай билиш самарасидир.
Боёвутликлар пахтачиликда йилдан-йилга тажриба орттириб, соҳада ўзига хос мактаб яратган. Жорий мавсумда тумандаги 322 та фермер хўжалиги 10 минг гектар майдонда мўл ҳосил етиштириб, қабул пунктларига 45 минг тоннадан ортиқ сифатли пахта толаси топширди. Бу билан туман вилоятда биринчилардан бўлиб, йиллик режани бажаришди.

– Бу йилдаги ноқулай об-ҳаво, сув тақчиллиги ва қаттиқ иссиқ шароитларга қарамасдан, деҳқонларимиз сабр-тоқат ва меҳнатсеварлик билан юксак натижага эришдилар, – дейди туман ҳокими Дилфуза Ўролова. – Ҳар гектардан ўртача 45–50 центнер ҳосил олинди. Айниқса, “Буюк давлат”, “Абдумавлон Дониёров”, “Фарҳод Ғаллакор”, “Боёвутлик Ҳумоюн” ҳамда “Раҳмонқулов Ҳусниддин” фермер хўжаликлари ҳар гектардан 55–60 центнердан ҳосил олиб, умумий натижаларга катта ҳисса қўшишди.

Гулистон туманидаги 310 та фермер хўжалиги ҳам жорий йилда юқори кўрсаткичларга эришди. 7 минг гектардан ортиқ майдонда етиштирилган пахта ҳосили 31 минг тоннадан ошиб, сўнгги йиллардаги энг юқори натижа бўлди.
– Туманимизда пахтанинг ўртача ҳосилдорлиги гектарига 45 центнердан ошди, – дейди туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Сардорбек Ўтбосаров. – “Боғишамол агро сервис”, “Жасур Сардор Файзи”, “Машраб ота”, “Боёвут меҳр даласи”, “Боёвут олтин бургути” ва “Садоқат Саодат” фермер хўжаликлари ҳар гектардан 50–55 центнердан ҳосил олиб, ҳудуднинг умумий зафарига муносиб ҳисса қўшишди.

Юқори натижалар замирида, аввало, Президентимиз томонидан қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, фермерларни қўллаб-қувватлаш ҳамда соҳани замонавий бошқарув тамойиллари асосида ривожлантиришга қаратилган изчил эътибор мужассам.

Боёвут ва Гулистон тумани пахтакорлари фидойилик, сабр-тоқат ва юртга садоқат билан барча қийинчиликларни енгиб ўтдилар. Уларнинг пешоналаридан тўкилган терлар эвазига юксалган бу оппоқ хирмон — меҳнатсевар халқимизнинг ифтихори, юртимиз далаларидаги барака ва фаровонлик тимсолидир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири