Йиллаб кутилган натижага депутат ташаббуси йўл очмоқда
Аҳоли учун қулай ва хавфсиз йўл, аввало, муносиб турмуш шароитининг муҳим белгиларидан бири. Айниқса, йиллар давомида таъмирталаб ҳолда қолиб кетган ички йўлларни обод қилиш маҳалла аҳолиси учун катта янгиликдир.
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида ҳам ана шундай муаммоларни босқичма-босқич бартараф этишга қаратилган амалий ишлар бошланмоқда.
Президентимизнинг 2025 йил 29 августдаги “Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ташаббусли бюджет жараёнларида ғолиб бўлмаган лойиҳаларнинг муҳимлиги ва ижтимоий аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, ажратиладиган маблағларни қайси лойиҳага йўналтириш масаласи депутатлар томонидан ўрганилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Руслан Джумамуратов томонидан “Ташаббусли бюджет” жараёнларида ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан, жуда долзарб ва аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётган йўл муаммоларига ечим топишга қаратилган лойиҳалар қўллаб-қувватланди.

Жумладан, “Алтын жағыс” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Гулбўстон” ва “Олтин сув” кўчаларининг 1000 метр қисмига асфальт қопламаси ётқизишни назарда тутувчи лойиҳа “Депутат ташаббуси” сифатида қўшимча ғолиб деб эълон қилинди. Мазкур лойиҳа 2026 йил 2-мавсум ғолиблари қаторида амалга оширилади. Бу ўзгаришлар аҳоли учун, айниқса, ёғингарчилик, қор ва ноқулай об-ҳаво шароитида ҳаракатланишда сезиларли қулайлик яратади.
– Ҳақиқатан ҳам баҳор ва куз ойларида, ёмғирли кунларда кўчамиздан юриш қийин эди. Ушбу муаммоларни ҳал этиш мақсадида “Гулбўстон” кўчаси аҳолиси билан биргаликда “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида иштирок этдик. Лекин ғолиб бўла олмадик. Шундай пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига мурожаат қилдик. Депутатлар бизнинг мурожаатимизни ижобий ҳал қилиб берди. Ҳудуд аҳолисининг узоқ йиллик муаммосига ечим топиб берган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Руслан Джумамуратов ва Экология партиясидан сайланган депутат Сапаргул Утемуратоваларга миннатдорчилик билдирамиз, – дейди “Олтин сув” кўчаси кўчабошиси Яхия Абдреймов.

Яна бир муҳим лойиҳа Нукус шаҳрининг “Дўстлик гузори” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Ж.Аймурзаев кўчасига тааллуқли. Шаҳар марказидаги икки йирик кўчани боғлаб турувчи ушбу ички йўлнинг бугунги ҳолати, унинг аҳамиятига мутаносиб эмас эди. Йўлнинг таъмирталаблиги нафақат транспорт ҳаракатига, балки пиёдалар ва кўчада фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига ҳам қатор ноқулайликлар келтириб чиқараётган эди.
Эндиликда мазкур ҳудудда 250 метр ички йўлни асфальтлаш ва таъмирлаш, пиёдалар йўлакчаси ҳамда йўл ўтказгичларни тартибга келтириш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Бу, аввало, ҳаракат хавфсизлиги ва қулайлигини таъминлашга хизмат қилади. Яхши ҳолатга келтирилган йўл орқали аҳолининг эркин ҳаракатланиши осонлашади, транспорт қатнови яхшиланади, тадбиркорлик субъектлари учун ҳам қулай муҳит яратилади. Энг муҳими, шаҳар марказидаги муҳим боғловчи йўлнинг обод қилиниши ҳудуд инфратузилмасининг умумий ҳолатига ижобий таъсир кўрсатади.
Аслида, йўл шунчаки асфальт ётқизилган ҳудуд эмас. У одамларнинг ишига, таълим муассасасига, хизмат кўрсатиш нуқталарига, тадбиркорлик объектларига етиб боришини таъминлайдиган муҳим инфратузилма. Шу боис ҳар бир таъмирланган йўл ортида аҳолининг кундалик ҳаёти енгиллашиши, вақт тежалиши ва ҳаракатланиш учун қулай шароит яратилиши мужассам.
Депутат ташаббусининг аҳамияти ҳам шунда аҳоли мурожаатлари ва ҳудудлардаги мавжуд муаммолар эътибордан четда қолмай, уларни амалий лойиҳаларга айлантириш орқали аниқ натижага қадам қўйилмоқда.
Бугун таъмирланаётган ҳар бир йўл эртанги обод маҳалла, қулай ҳаракат ва фаровон ҳаёт учун қўйилаётган муҳим қадамдир.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири