Бугун АОКАда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов иштирокида брифинг ўтказилди.
Унда маълум қилинишича, мамлакатимизда цемент ишлаб чиқаришга ихтисослашган 38 та корхона мавжуд бўлиб, бугунги кунда уларнинг йиллик қуввати 35,3 миллион тоннага етказилган.
Жорий йилнинг январь-апрель ойларида республика бўйича жами 4,8 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилган. Бунда ўсиш суръати 119,3 фоизни ташкил этган.
–Энг кўп цемент мамлакатимиздаги «Қизилқумцемент» АЖ томонидан ишлаб чиқарилган ва январь-апрель ойларида жами 738 минг тонна маҳсулот харидорларга етказилган. «Сhina Energy International Group Samarkand Cement» МЧЖ ХК ва «Хуаксин Цемент Джизак» МЧЖ томонидан жами 1 миллион 166 минг тонна цемент ишлаб чиқарилган. Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда мавжуд корхоналар томонидан 16,7 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш режалаштирилган. Жорий йилнинг ўтган даврида биржа савдоларида сотилган 1 миллион 756 минг тонна цемент истеъмолчиларга етказиб берилган. Айтиш жоизки, 2024 йил якуни билан йилига 8 миллион тонна йирик цемент ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилади ва республика бўйича жами қувватлар қарийб 40,8 миллион тоннага етказилади, –деди Ж.Шерметов.
Тадбирда айтиб ўтилганидек, маҳаллий корхоналар томонидан асосан 400 ва 500 маркали цемент ишлаб чиқарилган. Жорий йилнинг ушбу даврида биржа савдоларида бир тонна цемент ўртача 510 минг сўмдан сотилган.
Мамлакатимизда қурилиш кўлами кенгайиб бораётгани туфайли йилдан-йилга қуйма ва темир-бетонларга бўлган талаб ҳам ошиб бормоқда. Маълумотларга кўра, юртимизда 700 дан ортиқ темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд. Уларнинг йиллик қуввати 6,5 миллион метр кубни ташкил этади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА