Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилига кўра, август ойида 22,2 мингта кўчмас мулк олди-сотди битимлари рўйхатга олинган. Бу июль ойига нисбатан 3,5 фоизга кам бўлиб, савдолар сони 23 мингтани ташкил этган.
Йиллик ўлчовда фаолликнинг сезиларли даражада пасайиши кузатилмоқда: уй-жой савдоси 20,8 фоизга камайди, бу эса уй сотиб олишга қизиқишнинг камайишини кўрсатиши мумкин.
2024 йил август ойида ҳудудлар кесимида кўчмас мулк билан боғлиқ битимларнинг энг катта пасайиши Сирдарё ва Хоразм вилоятларида, шунингдек, Тошкент шаҳрида қайд этилди.
Йиллик ўлчовда фаолликнинг пасайиши кузатилмоқда. Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида кўчмас мулк савдосининг пасайиши ҳар бир ҳудудда 30 фоиздан ортиқни ташкил қилди.
2024 йил август ойида Тошкент шаҳрида ижара уй-жой бозоридаги вазият барқарорлашди, бу ерда ижаранинг ўртача нархи 1 кв.м. учун 8,3 долларни ташкил қилди. Бу ўтган ойдаги кўрсаткичга тўғри келади. Ўтган ойларга нисбатан нархларнинг пасайиши кузатилмоқда: июль ойида - 0,6, июнь ойида - 1,2 фоизга.
Август ойида бозор икки ойлик пасайишдан кейин барқарорликни кўрсатди.
Бу турли омиллар, жумладан, ижарачилар фаолиятидаги мавсумий тебранишлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Хусусан, ўқув йилининг бошида уй-жой ижарасига талаб ошиши мумкин.
Тошкент туманига қараб уй-жой ижараси нархидаги фарқлар ҳам барқарорлигича қолмоқда. Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархининг юқорилиги сақланиб қолмоқда, бу ерда ўртача ижара нархи ҳар квадрат метр учун тахминан 10 долларни ташкил этади.
Бошқа томондан, Бектемир ва Сергели каби ҳудудларда бюджет ижарачилари, шу жумладан талабалар учун ижарага олиш имконияти янада жозибадор бўлиб қолмоқда, бу эрда ижара ҳар квадрат метр учун ўртача 6 доллар туради.
Агар ўтган йилнинг август ойида Тошкент шаҳрида ижарага бериладиган уй-жойларнинг ҳар квадрат метри ўртача 9 долларни ташкил этган бўлса, йил давомида 7,3 фоизга пасайиш қайд этилиб, бу бозорнинг ушбу сегментидаги умумий пасайиш тенденциясидан далолат беради.
Шу билан бирга, йил давомида ижара нархининг сезиларли пасайиши Яккасарой туманида - 14,8 фоиз, Яшнобод туманида - 13,3 фоиз, Шайхонтоҳур туманида - 11,5 фоиз ва Юнусобод туманида – 10 фоизга кузатилди.
Жорий йилнинг август ойида республикада иккиламчи уй-жой нархи 0,7 фоизга ошган бўлса, ўтган йилнинг август ойидан бошлаб уй-жойнинг 1 кв. м учун ўртача нархи 9,7 фоизга ошди.
Шу билан бирга, иккиламчи уй-жой нархи Хоразм – 21,4 фоиз, Сурхондарё – 14,6 фоиз, Бухоро – 13,4 фоиз, Қашқадарё – 13,3 фоизга сезиларли даражада ошгани қайд этилди.
Тошкент шаҳридаги иккиламчи уй-жой бозорида нархлар бироз пасайганидан сўнг, август ойида барқарорлик кузатилди: нархлар атиги 0,2 фоизга ошди ва ҳар квадрат метр учун 1 128 долларни ташкил этди.
Пойтахтнинг аксарият туманларида иккиламчи уй-жойлар нархи ўзгаришсиз қолди, фақат Миробод ва Олмазор туманларида уй-жойлар мос равишда 1,7 фоиз ва 1,3 фоизга қимматлашди.
Тошкентнинг яна учта туманида нархлар тушиб кетди. Хусусан, Шайхонтоҳур - 1,1 фоиз, Сергели – 0,9 фоиз ва Чилонзор туманларида – 0,6 фоиз ошди. Йил давомида Тошкентда иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи 4,2 фоизга ошди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Ўзбекистондаги кўчмас мулк бозори Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг тадқиқот йўналишларидан бири бўлиб, унда бирламчи ва иккиламчи кўчмас мулк бозорларидаги фаоллик динамикаси тақдим этиб борилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА