Президентимиз Юқори Чирчиқдаги йирик электротехника корхонаси имкониятлари билан танишди
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги “NURA Electric” заводига ташриф буюриб, ишлаб чиқариш жараёнлари ва тайёр маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди.
“NURA Electric” юқори ва паст кучланишли электротехника ускуналарини тўлиқ технологик цикл асосида ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик корхонадир. Унинг фаолияти энергетика тармоғини маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш, импортга боғлиқликни камайтириш ва соҳада саноат кооперациясини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

20 гектар майдонда барпо этилган заводга 50 миллион доллар инвестиция киритилган. Бу ерда 1 мингдан ортиқ иш ўрни яратилиб, 1,5 мингдан зиёд турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Жумладан, 0,4-500 киловольт кучланишли тақсимлаш қурилмалари, нимстанциялар, қайта тикланувчи энергия манбалари учун автоматика шкафлари, электр шиналар ва металл конструкциялар тайёрланмоқда. Корхонанинг йиллик қуввати 25 мингдан ортиқ ускунани ташкил этади.

Завод замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Хусусан, бу ерда Япониянинг “Amada” компаниясига мансуб рақамли бошқарувли дастгоҳ ва пресслар, шунингдек, Туркиянинг “Durma” ва “Teslabend” компанияларининг юқори технологик ускуналари ўрнатилган. Уларнинг умумий сони 120 тадан ошади.
Корхонанинг ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнлари “SAP ERP” ягона рақамли платформаси орқали мувофиқлаштирилади. Жараёнларни оптималлаштириш ҳамда маҳсулот ва бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш ҳисобига маҳсулот таннархини 10 фоизгача пасайтиришга эришилган.

Мажмуада аккредитациядан ўтган синов лабораторияси фаолият юритмоқда. Маҳсулотлар халқаро ISO стандартлари талабларига мувофиқ ишлаб чиқарилади. Корхона ускуналарни тўлиқ бутлаш, маҳсулотларни ўз лабораториясида синовдан ўтказиш ва кеча-кундуз сервис хизмати кўрсатиш имкониятларига эга.
Малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш мақсадида “Ўзэнергоинжиниринг” акциядорлик жамияти ва Тошкент давлат техника университети билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳар йили университетнинг 100 нафардан ортиқ талабаси корхонада ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ўтайди.

Давлатимиз раҳбари заводда маҳаллий хомашё ва замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқарилган трансформатор станциялари, тақсимлаш қурилмалари ҳамда бошқа энергетика ускуналари кўргазмасини кўздан кечирди.
Шунингдек, корхонада амалга оширилаётган ишлар, ишлаб чиқариш қувватлари ва истиқболдаги режалар юзасидан тақдимотлар билан танишди, ходимлар билан суҳбатлашиб, улар учун яратилган меҳнат шароитлари ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини тинглади.
Президентимиз корхонанинг ишлаб чиқариш имкониятлари ва маҳсулотлар сифатини юқори баҳолади. Ички бозор талабини қондириш билан бирга Марказий Осиё ва бошқа хорижий бозорларга экспортни кенгайтириш, соҳага юқори малакали маҳаллий мутахассисларни жалб этиш юзасидан тавсиялар берди.

– Биз фақат маҳсулот эмас, инжиниринг хизматларини ҳам экспорт қилишимиз керак. Бунинг учун ўзимизда шаклланаётган лойиҳалаштириш ва синов лабораториялари имкониятларидан кенг фойдаланишимиз зарур, – деди давлатимиз раҳбари.
Эҳтиёт ва бутловчи қисмлар турини кўпайтириш, уларни ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда сервис хизматлари кўламини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
Энергетика соҳасидаги лойиҳаларда маҳаллийлаштириш даражасини ошириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан, лойиҳаларни ишлаб чиқишда маҳаллий лойиҳа институтларининг улушини камида 50 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.

– Ўзимизнинг лойиҳачиларимизга ишонишимиз, уларга шароит яратишимиз керак. Хорижда ўқиган, тажриба орттирган ёшларимиз бор. Уларнинг атрофида мутахассисларни бирлаштириб, буюртма билан таъминласак, бу соҳани ривожлантиришга қодирмиз, – деди Президентимиз.
Шу мақсадда ҳудудларда энергетика соҳасига ихтисослашган лойиҳа институтларининг филиаллари ташкил этилиши белгиланди.